Мактабда ҳуқуқ эмас, мажбурият устуворми?
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари мактабда алоҳида фан сифатида ўқитилмайди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги буни дарс юкламаси аллақачон юқори экани билан изоҳламоқда. Бироқ айни пайтда ўқувчиларга солиқ ва фуқаролик мажбуриятлари 5-синфдан бошлаб турли шаклларда тушунтирилмоқда. Фуқаролик мажбуриятлар ўргатилмоқда инсон ҳуқуқларичи?
Uzdiplomat журналисти инсонлар ўз ҳуқуқини яхши билиши учун мактаб дастурига инсон ҳуқуқлари бўйича алоҳида фан киритиш масаласини кўтарди. Вазир ўринбосари Шерзод Каримовнинг сўзларига кўра, мактабларда соатлар кўп ва ҳар бир йўналиш учун алоҳида фан жорий қилиш ҳар доим ҳам самара бермайди. Шунинг учун инсон ҳуқуқлари алоҳида фан сифатида эмас, балки турли фанлар доирасида интеграция қилинган ҳолда ўргатилади. Яъни тарих, она тили, биология ёки STEM фанларида мавзуга мос келган жойларда ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунтирилади.
Бир қарашда бу мантиқий ечимдек кўринади. Лекин амалда бундай ёндашув инсон ҳуқуқларини тизимли билим сифатида эмас, эпизодик мисол сифатида тақдим этади. Бу эса ўқувчида яхлит ҳуқуқий тушунча шакллантириш учун етарли эмас. Чунки ҳуқуқ — бу фақат алоҳида мавзу эмас, балки фуқаронинг давлат билан муносабатини белгилайдиган асосий механизмдир.
Интервью давомида Uzdiplomat журналисти яна бир муҳим масалани кўтарди — солиқ фақат мажбурият эмас, балки у фуқаролар манфаатига хизмат қилиши кераклиги ҳақида. Вазирлик эса ўқувчиларга солиқ ва фуқаролик мажбуриятлари бўйича билимлар 5-синфдан бошлаб шакллантирилаётганини таъкидлади. Адлия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган кўрик-танловлар, иншолар ва видеолар орқали болалар солиқ тўлаш ва унинг моҳиятини тушуниб бораётгани қайд этилди. Ҳатто вазир ўринбосари таъкидлаганидек, бешинчи синф ўқувчиси ҳам солиқ ҳақида изчил тушунтириб бера олади.
Бу ерда табиий савол туғилади: нима учун айнан солиқ шунчалик тизимли ўргатилади, инсон ҳуқуқлари эса “интеграция” доирасида қолмоқда?
Солиқ — бу давлат учун даромад манбаи ва фуқаронинг мажбурияти. Инсон ҳуқуқлари эса, аксинча, фуқаронинг давлатдан талаб қилиш, уни назорат қилиш механизми ҳисобланади. Демак, таълимда мажбуриятларга урғу берилиб, ҳуқуқлар иккинчи даражага тушиб қолмоқда.
Халқаро тажриба эса аксинча йўналишни кўрсатади. Кўплаб давлатларда инсон ҳуқуқлари ёки фуқаролик таълими алоҳида фан сифатида ўқитилади. Чунки ҳуқуқий онг — демократик жамиятнинг асосий устунларидан бири ҳисобланади.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X




