Марказий Осиё тарихи илк бор халқаро форматда катта экранга чиқмоқда. “Амир Темур” фильмини ёпиқ премъерасида берилган маълумотга кўра, лойиҳа АҚШ ва бошқа давлатлар ижодкорлари иштирокида амалга оширилган бўлиб, фильм XIV асрдаги сиёсий беқарорлик фонида Амир Темурнинг ҳокимиятга келиши, шахсий йўқотишлари ва кучли иродаси орқали тарих саҳнасига чиқишини ҳикоя қилади.
Фильмнинг энг кўп муҳокама қилинаётган жиҳатларидан бири — бош ролга хорижий актёр танлангани. Амир Темур образини британиялик актёр Кристиан Мортенсен гавдалантирган. Шунингдек, фильмда ўзбек актрисаси Юлдуз Ражабова Темурнинг рафиқаси ролини ижро этган.
Лойиҳа режиссёри — халқаро лойиҳалар муаллифи Жейкоб Шварц. Ижрочи продюсер сифатида Беҳруз Ҳамзаев иштирок этган. Суратга олиш ишлари Ўзбекистон ва Қозоғистонда амалга оширилган. Фильм 120 дан ортиқ давлатда намойиш этилиши режалаштирилмоқда.
“Лоф ҳам бор. Бу ҳужжатли эмас, бадиий кино — романтизация бўлиши шарт”
Фильм ижрочи продюсери Беҳруз Ҳамзаевга кўра, лойиҳада халқаро ёндашув қўлланган ва сценарий устида хорижий мутахассислар ҳам ишлаган:
“Америкаликлардек зўр ҳикоячи йўқ. Дунёдаги энг кучли ҳикояшунослар айнан улар. Шунинг учун сценарийни ҳам уларга ёздирдик.”
Унинг таъкидлашича, фильмнинг асосий манбаларидан бири “Темур тузуклари” бўлган:
“Кинонинг 80 фоиз асоси — ‘Темур тузуклари’. Мен Деҳлида 1892 йилда ёзилган асл нусхани олиб келганман. Уни ўқисангиз, умуман бошқа дунё.”
Продюсер фильм ҳужжатли эмас, балки бадиий асар эканини алоҳида қайд этди.
“Бу ҳужжатли фильм эмас. Романтизация, севги, инсонийлик бўлиши керак. Темурни биз инсон сифатида кўрсатишга ҳаракат қилдик”, дейди у.
Темур — идеал эмас, инсон сифатида талқин қилинган
Беҳруз Ҳамзаевнинг айтишича, фильмда тарихий шахсни идеаллаштиришдан воз кечилган:
“Биз ҳар доим тарихий шахсларни ҳаддан ташқари улуғлаймиз. Бу нотўғри. Улар ҳам инсон бўлган, ички муаммолари бўлган. Кинода айнан шу жиҳатни очишга ҳаракат қилди
к”.
Халқаро аудиторияга йўналтирилган лойиҳа
“Амир Темур” фильми нафақат маҳаллий, балки глобал аудитория учун мўлжалланган. Бу Марказий Осиё тарихи биринчи марта бундай кенг кўламда халқаро бозорга чиқарилаётганини англатади.
Фильм атрофидаги муҳокамалар эса унинг нафақат маданий, балки идеологик ва тарихий аҳамиятга ҳам эга эканини кўрсатмоқда.




