Минтақада Россия энергетик босимини камайтириш учун яна бир қадам
АҚШ ва Қозоғистон фуқаровий ядровий энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтирди. Лойиҳа АҚШ Давлат департаментининг FIRST дастури доирасида амалга оширилмоқда ва Кичик модулли реакторлар (SMR) бўйича техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш, шунингдек, Олмаотада минтақавий ўқув марказини ташкил этишни назарда тутади. Ушбу ўқув маркази Қозоғистон Ядровий физика институти базасида фаолият юритиб, Марказий Осиё мамлакатлари учун SMR технологиялари бўйича кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида АҚШ компаниялари — Holtec International ва Curtiss-Wright томонидан SMR симулятори тақдим этилади, техник тадқиқотлар эса Sargent & Lundy иштирокида олиб борилади. Қозоғистон 2022 йилдан бери FIRST дастурининг фаол ҳамкори бўлиб, Марказий Осиёда ушбу ташаббусга қўшилган биринчи давлат ҳисобланади.
Ўзбекистон бундан фақат ютади
Бир қарашда, ушбу лойиҳа фақат Қозоғистон учун мўлжалланган техник ташаббусдек кўринади. Аммо мутахассисларга кўра, лойиҳа бутун минтақа, жумладан Ўзбекистон учун ҳам иқтисодий аҳамиятга эга. Ўзбекистон иқтисодиёти Қозоғистон билан савдо, транзит, энергетика таъминоти ва саноат занжирлари орқали чамбарчас боғлиқ. Шу боис Қозоғистон энергетика тизимидаги ҳар қандай стратегик ўзгариш Ўзбекистонда ҳам нархлар барқарорлигига таъсир қилади.
Энергетик беқарорлик инфляцияни кучайтирувчи омиллардан бири ҳисобланади. Электр таъминоти ноаниқ ёки ташқи геосиёсий хавфларга боғлиқ бўлса, ишлаб чиқариш харажатлари ошиб, бу маҳсулот ва хизматлар нархига босим қилади. Агар Қозоғистон SMR технологиялари орқали узоқ муддатли ва барқарор электр ишлаб чиқаришга эришса, энергия нархлари прогнозли бўлади, таъминот узилишлари хавфи камаяди ва саноат харажатлари барқарорлашади. Бу эса Ўзбекистонга импорт қилинадиган товарлар орқали кириб келадиган инфляция босимини юмшатиши мумкин.
Россияга қарамлик қисқармоқда
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — геосиёсий омилдир. АҚШ иштирокидаги ядровий ҳамкорлик Қозоғистоннинг Россия ядровий технологияларига бўлган қарамлигини қисқартиради. Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон, Россия билан боғлиқ санкциялар, логистика чекловлари ва валюта тебранишлари оқибатида кўп бор инфляцион босимни ҳис қилиб келган. Қозоғистон энергетика соҳасида диверсификация йўлини танласа, ушбу ташқи зарбаларнинг минтақавий таъсири ҳам камаяди.
Шу билан бирга, экспертларнинг таъкидлашича АҚШ иштирокидаги йирик ва узоқ муддатли энергетик лойиҳалар Қозоғистон иқтисодиётига бўлган ишончни оширади. Бу инвесторлар учун ижобий сигнал бўлиб, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлайди ва тенгенинг кескин тебранишларини чеклайди. Валюта барқарорлиги эса Ўзбекистон учун ҳам муҳим, чунки минтақавий савдода нархлар айнан шу омилга боғлиқ. Импорт қилинадиган ускуналар, хомашё ва саноат маҳсулотлари нархи прогнозли бўлиб, бизнес учун харажатларни режалаштириш осонлашади.
Қозоғистон–АҚШ фуқаровий ядровий ҳамкорлиги Марказий Осиё учун узоқ муддатли энергетик ва иқтисодий барқарорлик сигнали сифатида баҳоланиши мумкин.




