Америка Қўшма Штатларининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор АҚШ–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашига ҳамраис сифатида раҳбарлик қилишини маълум қилди.
Янги тузилма Вашингтоннинг Марказий Осиёда «Америка биринчи» иқтисодий стратегиясини илгари суриш ва АҚШ компаниялари учун янги бозорлар очишга қаратилган.
Гор кенгашдаги АҚШ тарафини Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева билан ҳамраисликда бошқаради.

«Лойиҳа Президент Дональд Трампнинг Америка иқтисодий етакчилигини кучайтириш ва хорижий ҳамкорликни АҚШ манфаатларига йўналтириш сиёсати доирасида амалга оширилмоқда», дейилади АҚШ элчихонаси хабарида.
Унда қайд этилишича, 4–6 ноябрь кунлари «C5+1» саммити доирасида Президент Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи муносабатларни янги босқичга олиб чиққан. Янги кенгаш эса стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, АҚШ иқтисодий ўсиши ва хавфсизлигига хизмат қилиши кутилмоқда.

Кенгашнинг асосий вазифалари:
- сармоя ва экспорт салоҳиятини ошириш;
- IT ва рақамли инновациялар каби янги йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш;
- АҚШ компаниялари учун тенг рақобат шароити яратишдан иборат.
Маълумот учун, Сержио Гор (Сергей Гороховский) — 1986 йил 30 ноябрда Тошкентда туғилган, АҚШда ўз сиёсий карьерасини сенаторлар ва консерватив ташкилотлар билан бошлаган, кейин Президент маъмуриятида юқори лавозимларда ишлаган америкалик дипломат. George Washington University битирувчиси. У “Америка биринчи” иқтисодий сиёсатини илгари суриш тарафдори сифатида танилган ва ҳозир АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили сифатида фаолият юритади.




