Ҳатто давлат мулозимлари қарши чиқмоқда, лекин ИИВ сукутда!
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев «заправка»да норозилик билдирган фуқаро Ғайрат Дўсов иши юзасидан ўз блогида муносабат билдирди:
«Адолатнинг кучи ҳақида
(бу ерда адолат қиз боланинг исми эмас)
Агар халқ адолатни ҳис қилса, жуда кўп муаммоларга сабр билан чидай олади. Тўғри, муаммолардан норози бўлиб, эътирозини баралла айтадиганлари ҳам кўп бўлиши табиий, чунки халқ бу яхлит тана эмас, 37 миллион хил инсондан таркиб топган. Аммо гапириб-гапириб, барибир муаммоларга сабр қилишда, тишини-тишига қўйиб, турмуш ташвишлари билан ўралашишда давом этаверади. Ахлоқсизликка ўтмайди. Дардини айтиб, сал енгиллашиши мумкин, чунки бу жиноят эмас.
Аммо халқ адолатни ҳис қилмаса, ҳар қадамда адолатсизликни кўрса, унда бу ёмон. Бунақада таранглашган асаблар ахлоқ чегарасини кесиб ўтади, оқибати кафолатланмаган.
Оғзидан шоди кириб, боди чиққан ҳокимлар битта узр билан қутулса, ўзининг ваколати доирасидан чиқиб, қонунларга тупуриб қўядиган айрим масъуллар оддий огоҳлантириш билан чеклансаю, лекин узоқ вақт метанда навбат кутиб, энди навбати келганда «заправка» ёпилиб қолганидан фиғони кўкка чиққан ботинкаси тешик оддий бир халқ вакилини қамаб қўйишса, бечора Янги йил байрамини оила даврасида эмас, панжара ортида кутиб олса, бунда халқ адолатсизлик кўради. Ва бу адолат ҳам эмас, албатта.
Йилни катта хато билан бошладик. Афсус, минг афсус. Зиғирчалик фойдаси бўлмаган, аммо халқнинг давлатга бўлган ишончи нуқтайи назаридан жуда катта зарар олиб келадиган ушбу ташаббус кимдан чиққани билмайман. Аммо бу хатонинг ўрнини қоплаш учун жуда кўп иш қилиниши кераклигини аниқ биламан.
Афсус, минг афсус…», деб ёзди Худойбердиев ўз блогида.
Аввалроқ ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов Бектемир суди томонидан 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстов сўроқ учун 27 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилгани, дам олиш куни бўлгани боис у билан учрашув имкони бўлмагани ҳақида маълум қилди.
«Суд томонидан белгиланган жазони ўтаётган шахсни нега сўроққа олиб кетишгани ва у ерда ушлаб туришгани сабабини тушунтиришмади.
Ҳозирча 3 нафар кўнгилли адвокатда уни ҳимоя қилишга ордер бор. Кўнгиллилар сони ортмоқда», деб ёзган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Абдураҳмон Ташанов.




