Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестициялар даромадлилиги ўрганилди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестициялар даромадлилиги тушиб бормоқда. Хусусан, жорий йил февралда пойтахтда кўп қаватли уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги ўртача 32,4%ни ташкил қилган бўлса, октябрда ушбу кўрсаткич 12,2%гача тушди. Ушбу кўрсаткич уй-жой жойлашган ҳудуд ва хоналар сонидан келиб чиқиб, бир биридан сезиларли даражада фарқланади:
✔️ 1 хонали: Мирзо Улуғбек – 2,3% (февралда – 25,7%), Шайхонтоҳур – 17% (50%);
✔️ 2 хонали: Сирғали – 7,4% (19,4%), Шайхонтоҳур – 17,2% (59%);
✔️ 3 хонали: Бектемир – 3,2% (33,7%), Юнусобод – 13,7% (48,7%);
✔️ 4 хонали: Бектемир – 2% (37,9%), Юнусобод – 17% (39,8%).
Уй-жойнинг инвестицион даромадлилиги уй-жой нархлари йиллик ўзгаришидан олинадиган даромад ҳамда уларни ижарага беришдан келадиган йиллик даромад йиғиндиси асосида ҳисобланган.
Уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган даромад
2024 йил февралда пойтахтда уй-жой ва ижара нархлари нисбатан юқори бўлган ҳудуд – Шайхонтоҳур туманида уй-жой нархлари кўтарилиши ҳисобига кўрилиши мумкин бўлган фойда ўртача 35,8%ни ташкил этган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткич 5,5%гача тушди. Шунингдек, октябрда уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган ўртача даромад Миробод (23,2%дан 1,9%га) ва Яккасарой (16,1%дан 3,5%га) туманларида сезиларли даражада пасайган.
Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида уй-жой нархларининг ўсишдан деярли тўхташи ёки бироз арзонлашиши натижасида октябрь ойида мазкур ҳудудларда уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган ўртача даромадлилик мос равишда -2,6% ва -2,4%ни ташкил этган (февраль ойида 24,6% ва 15%).
Уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган даромад ҳам пасайган!
Жорий йил октябрда уй-жойлар ижарасидан олинадиган йиллик ўртача даромад Шайхонтоҳур туманида 10% (февралда 11,6%), Миробод туманида 9,8% (10,4%), Яккасарой туманида 9,5%ни (10,5%) ташкил этган. Ушбу кўрсаткич ижара нархлари нисбатан арзонроқ бўлган туманлар – Сирғалида 9,3% (8,4%), Учтепада 9,7% (8,6%), Чилонзорда 9,3% (9,3%) ва Олмазорда 9,1%ни (9,4%) ташкил этган. Ушбу рақамлар ижарадан келадиган ўртача даромад ўсиши секинлашганидан далолат беради. Таққослаш учун 2023 йил январдан 2024 йил сентябргача бўлган даврда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 21%ни ташкил этган.
Даромадлилик даражаси бўйича 1 ва 2 хонали хонадонларнинг инвестицион жозибадорлиги юқори ҳисобланмоқда
Жорий йил февраль ойида 1 ва 2 хонали хонадонларга йўналтирилган инвестициялар даромадлилиги мос равишда 35,6% ва 30,8%ни ташкил этган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткичлар 16,7% ва 12,2%га тушди. Мазкур даврда 3 ва 4 хонали хонадонлар учун даромадлилик кўрсаткичи сезиларли даражада тушган (мос равишда 10,1% (февралда 33%) ва 9,9% (30,3%)).
Ривожланаётган давлатларда аҳоли жамғармаларининг уй-жойга йўналтирилиши қисқа муддатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни ошириши мумкин. Аммо, узоқ муддатда капитал бозорини ривожлантириш ва аҳоли учун диверсификацияланган инвестиция имкониятларини тақдим этиш муҳимдир. Шу йўл билан аҳоли жамғармалари нафақат сақланиши, балки миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестиция қилиб, янада кенгроқ ривожланиш имконини беради, дейилади таҳлилчилар ҳисоботида.
Аввалроқ, Марказий банкнинг молиявий барқарорлик шарҳида
Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги нархлар 2024 йилнинг биринчи ярми якунига кўра ўсиш даражасида қолмоқда ва уй хўжаликлари даромадларидан тезроқ ўсмоқда, деган маълумот берилган эди.
Хусусан, кўчмас мулкнинг бозор нархи фундаментал («адолатли») нархдан 28 фоизга юқори экани тахмин қилинмоқда.
Умуман олганда қурилишлар сони камайиши эмас, аксинча кўпайтирилиши режа қилинган.
Йил бошида ўтган йиғилишда Ўзбекистонда 2024 йилги дастур доирасида 100 мингта уй-жой қуриш режа қилинганди.Бунинг учун вилоят ҳокимларига уй-жой қуриш учун қўшимча 20 гектар, пойтахтда 60 гектар ерни аукционга қўйиш топшириғи берилган эди.




