Контрактга салкам 4000 АҚШ доллари тўлаган ёшлар бир ярим йилдан бери сарсон.
Масъуллар нега саволни очиқ қолдиришмоқда?
Тошкент молия институти (ҳозир Тошкент давлат иқтисодиёт университети) ва Малайзиянинг Байнерий университети (Binary University of Management & Entrepreneurship) иштирокидаги қўшма факультети битирувчилари 2022-2023 ўқув йилида магистратура босқичини тамомлаган, лекин диплом берилмаётганидан шикоят қилишган.
«Таълим хабарлари»нинг ёзишича, улар икки йилда контракт учун 4000 минг АҚШ доллар тўлаган.
Таҳририятга Тошкент молия институти (ҳозир Тошкент давлат иқтисодиёт университети) ва Малайзиянинг Байнерий университети (Binary University of Management & Entrepreneurship) ўртасида «Binary Graduate School» қўшма факультетида 2022-2023 ўқув йилида магистратура босқичини тамомлаган талабаларга диплом берилмаётганлиги ҳақида мурожаат келиб тушган.
2019 йил 26 март куни икки ҳамкор университет ўртасида ташкил этилган «Binary Graduate School» қўшма факультетининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган.
Ўша вақтда маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбар-ходимлари, Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари, Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳенди Ассан ва Малайзиянинг Байнерий университети президенти Тан Сри Дато каби ўнлаб масъуллар иштирок этишган. Ўша вақтда Молия институтининг ректори Улуғбек Азизов бўлган.
Расмийлар иштирокидаги бундай нуфузли тадбирдан кейин албатта талабаларда бу факультетга қизиқиш юқори бўлган.

Президентнинг 2024 йил 8 февралдаги қарори билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институти битта олий таълим муассасасига бирлаштирилган эди. Бирлашган Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори этиб Тўлқин Закирович Тешабаев тайинланган.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида Иқтисодиёт университетининг Халқаро бўлим проректори ва масъул ходими, матбуот котиблари билан боғландик.
Халқаро алоқалар департаментига ҳолат юзасидан юборган саволларга масъуллар қўшма таълим битирувчиларига ҳамкор хорижий олий таълим ташкилоти томонидан диплом берилгандан сўнг, университет томонидан давлат намунасидаги диплом берилишини айтишган.
Тартибга биноан «диплом иловасига ҳамкор олий таълим ташкилоти томонидан берилган диплом тартиб рақами ҳам киритилиши» белгилангани бунга сабаб сифатида кўрсатилган.
Аммо масъуллар томонидан битирувчиларга диплом қачон берилиши ва нима учун бир ярим йилдан буён диплом берилмагани хусусидаги саволлар очиқ қолдирилган.




