Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисида Бош вазир номзоди сифатида Абдулла Арипов тавсия этилди.
Маълумот учун, Абдулла Арипов 2016 йил декабридан буён Ўзбекистон бош вазири сифатида ишлаб келмоқда.
У 1961 йил 24 май куни Тошкентда таваллуд топган. 1983 йил Тошкент электротехника алоқа институтини (Тошкент ахборот технологиялари университети) муҳандис-телекоммуникация мутахассислиги бўйича тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди, доцент.
Фаолиятини 1983 йилда Тошкент телефон-телеграф станциясида электроника муҳандиси сифатида бошлаб, 1992-1993 йилларда Алоқа вазирлигида бош мутахассис бўлган. “Ўзимпексалоқа” ташқи савдо компанияси директори ўринбосари лавозимида, Алоқа вазирлиги қурилиш-таъминот бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. 1995-1996-йилларда “ТашАфиналАЛ” қўшма корхонасига раҳбарлик қилган.
1996-1997-йилларда Алоқа вазирлигининг хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. Алоқа вазирлиги тугатилгандан сўнг, Почта ва телекоммуникациялар агентлиги негизида ташкил этилган Бозор ўзгаришлари ва қимматли қоғозлар бошқармаси бошлиғи бўлган.
1997-2000 йилларда Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори лавозимида ишлаган. 2000-2001 йилларда – Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, кейинчалик агентлик бош директори бўлган.
2002 йил Арипов Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – Алоқа ва ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари комплекси раҳбари этиб тайинланган. Шу билан бирга, 2005-2009 йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига раҳбарлик қилган.
2012 йил бош вазир ўринбосари, Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар мажмуасига раҳбарлик қилган. Орада бир муддат танаффусдан сўнг яна ҳукуматга қайтди, 2016 йил Арипов Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар комплекси раҳбари этиб тайинланди.
2016 йил 14 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси (парламенти) юқори ва қуйи палаталари депутатлари қўшма мажлисда Абдулла Ариповни бир овоздан бош вазир лавозимига тасдиқлади.
2020 йил 18 январь куни Ўзбекистон парламентига бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) сиёсий кенгаши Абдулла Арипов номзодини мамлакат бош вазири лавозимига таклиф қилди. 20 январь куни Ўзбекистон парламенти ҳар икки палатанинг қўшма мажлисида Абдулла Арипов номзодини мамлакат бош вазири лавозимига тасдиқлади.
2021 йил Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан бош вазир Абдулла Ариповни 60 ёшга тўлиши муносабати билан “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотлади. Шунингдек, Арипов “Меҳнат шуҳрати”, Қозоғистоннинг II даражали “Дўстлик”, Тожикистоннинг II даражали «Исмоили Сомоний» ордени билан мукофотланган.
Оилали. Беш нафар қизи бор.
Эслатиб ўтамиз, Жорий сайловлардан бошлаб амалга киритилаётган қоидаларга биноан янги Бош вазир номзоди Қонунчилик палатаси (илгари Сенат билан биргаликда) кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари (илгари сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган партия) билан маслаҳатлашганидан кейин бир ой муддатда киритилиши белгиланган.




