ЕХҲТ Кузатиш миссияси ўзининг дастлабки хулосаларини эълон қилди. Уларга кўра, Ўзбекистонда 27 октябрь куни бўлиб ўтган Парламент сайловлари давомли ислоҳотлар, жумладан,
Конституцияга жиддий ўзгартиришлар киритиш шароитида бўлиб ўтди, бироқ сиёсий муҳит эркинликни чеклайдиган даражада қолган ҳолда, сайловчиларга чинакам танлаш имкониятини бермади.
«Сайлов тизими босқичма-босқич ривожланиб, сайловларга техник жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрилган бўлса да, сиёсий партияларни рўйхатга олиш, сайланиш ҳуқуқи, сайловолди кампаниясини молиялаштиришнинг шаффофлиги, сайловнинг фуқаролар томонидан кузатилиши ва сайлов участкаси натижаларини эълон қилиш каби соҳаларда демократик сайловларнинг халқаро стандартларига жавоб бериш билан боғлиқ жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. Уюшмалар ва тинч йиғилишлар эркинлиги ҳамда сўз эркинлиги борасидаги асосий ҳуқуқлар қонун ҳужжатларида ҳам, амалиётда ҳам номутаносиб равишда чекланганлигича қолмоқда», – дейилади унда.
Миссия хотин-қизларнинг номзодлар орасидаги ва сайлов бошқарувидаги вакиллиги анча яхшиланганини алоҳида эътироф этган.
«Рўйхатга олинган бешта сиёсий партиянинг барчаси қонун асосида эркин ва тенг шароитларда сайловолди кампанияларини олиб боришга муваффақ бўлди, бироқ уларнинг сайловолди кампаниялари вазмин руҳда бўлиб, ҳукмрон партия ёки бир-бирининг сиёсатига жиддий эътирозлар билдирмади. ОАВда сайловларни ёритиш сўз эркинлиги чекловлари билан олиб борилди, оқибатда сайловчилар турли нуқтаи назарлардан фойдаланишларининг деярли имкони бўлмади. Сайлов куни тинч ва тартибли ўтди, бироқ кўплаб қонунбузарликлар, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатлари, процессуал ва техник носозликлар жараёнга салбий таъсир кўрсатди. Овоз бериш, овозларни санаб чиқиш ва натижаларни жадвалларга умумлаштириш жараёнида муҳим кафолатлар кўпинча эътибордан четда қолиб, жараённинг ҳалол бўлганлиги ва шаффофлигига путур етказган», – дейилади ҳисоботда.
Таъкидланишича, 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтган парламент сайлови 2017 йилдан буён бўлаётган ўзгаришлар, жумладан, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими ва асосий эркинликларни ҳурмат қилиш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар шароитида бўлиб ўтди. 2023 йилги Конституцияда инсон ҳуқуқлари қоидалари сезиларли даражада яхшиланганига қарамай, фуқароларнинг ЕХҲТ мажбуриятлари ва халқаро стандартларга мувофиқ сиёсий ҳаётда тўлиқ иштирок этиши, хусусан, сўз эркинлиги, уюшмалар ва тинч йиғилишлар эркинлиги борасидаги асосий ҳуқуқларга ҳурмат билан боғлиқ ҳолда, қонунчилик ва амалда чекланганлигича қолмоқда.




