Рус аёллари Турк эркакларига алданиб қолаётгани учун Давлат думаси турк сериалларини тақиқламоқчи. Бу ҳақда «Говорит Москва» нашри маълум қилди.
Унга кўра, турк сериалларида реал ҳаётга мос келмайдиган турк йигити образи гавдалантирилади ва бу кўплаб Россиялик аёлларни ўзига жалб этади. Аммо реал ҳаётга мос келмайдиган бундай эркаклар образи сабабли рус аёллари алданиб қолади. Бунинг натижасида улар кўплаб қийинчиликларга дуч келишади.
“Турк сериаллари тақиқланиши керак. Чунки турк сериаллари бутунлай ахлат. У бошидан бу бошигача ёлғон. Туркиядаги кабоб сотувчилар бирданига ўзларини яхши актёр деб қарор қилдилар. Ваҳоланки давлатда битта ақлли актёр йўқ, ҳаммаси мутлақо истеъдодсиз, арзон буффонлар (буқа). Турк сериалларини тақиқлаш керак”,- дейди Россия Давлат думаси депутати Виталий Милонов.
Ўзбекистон аҳолиси орасида ҳам Турк фильмларини телеэкранларда намойиш қилинишига қарши фикрлар кўп билдирилади.
Ҳатто 2012 йил февралида телеканалларда намойиш этилаётган барча турк сериаллари баравар тўхтатилган.
Ўшанда «Ёшлар» каналида «Келин», НТТ каналида «Муҳаббат симфонияси», «ТВ Марказ»да «Ажралсак-да биргамиз» сериаллари намойиш этилаётганди. Бундан ташқари, «ТВ Марказ» «Муҳташам юз йил» сериали тез орада намойиш этилиши ҳақида анонслар берилаётганди.
Ушбу сериаллар тўхтаб қолиши техник носозликлар билан изоҳланган бўлса-да, турк сериаллари намойиши 2017 йилгача тикланмаган.
Бундан ташқари, 2021 йилда MY5 телеканалида намойиши узоқ давом этмаган «Ҳукмдор Усмон» сериали АОКА ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаевнинг талаби билан эфирдан олинган деган хабарлар ҳам бор.