Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматга борувчилар сони йилдан-йилга ошмоқда. Бу ҳақда 21 февраль куни Мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Меҳриддин Қўчқоров маълум қилди.
“Умуман олганда, ҳарбий касбга бўлган муносабат, ҳарбий хизматга нисбатан қизиқиш йилдан-йилга ортиб боряпти. Бунинг оддийгина мисоли ўтган йиллари “Темурбеклар мактаби”га қабул квотаси 100 нафар эди. Ёшларимизнинг интилиши кўп бўлгани учун, уларнинг сони ортиб бораётгани учун биз президентимиздан сўраб, квотани 150 нафарга оширдик. Худди шунингдек, ҳарбий олий таълим муассасаларида ҳам кўрсаткичлар йилдан-йилга кўпаймоқда. Бу статистикани муддатли ҳарбий хизмат қилувчиларга ҳам қўлласа бўлади. Чунки аҳолининг 60% ёшлар ва бу жуда катта контингент”, – деди у.
Бироқ вазирлик расмийлари уларнинг аниқ сонини очиқламади.
![](https://uzdiplomat.uz/wp-content/uploads/2024/03/photo_2024-02-21_16-15-21-xl.jpg)
“Давлат сири, ҳарбий сир деган тушунчалар бор. Шу сабабли бу рақамлар ҳеч қачон айтилмаган ва айтилмайди ҳам. Биз ҳарбий хизматни ўтаганлар сонини очиқлай олмаймиз”,- деди Мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Отабек Йўлдошев.
Шунингдек, масъуллар бугунги кунда ота-оналар ҳам фарзандларини ҳарбий хизматга жўнатишга катта қизиқиш билдириб бораётганини ҳам қўшимча қилди.
“Биласизми, нима учун? Чунки ҳарбий хизмат йигитларни тоблайди. Уни ҳақиқий эркак бўлишига хизмат қилади. Ҳарбий хизмат йигитларни эртага жамиятга, юртга хизмат қила оладиган тайёр шахс қилиб, ватанпарвар қилиб тарбиялайди. Шунинг учун ота-оналар барча-қувватини фарзандларини муддатли ҳарбий хизматга жалб қилиш учун сафарбар қилади. Шунинг оқибатида улар фарзандларининг айрим касалликларини, нуқсонлларини яширади ҳам. Ҳарбий хизматда унга бериладиган юкламалар натижасида у касалликлар қўзғаган ҳолда турли ҳолатлар юзага келиш эҳтимоллари кучли”, – деди Меҳриддин Қўчқоров.