Ўзбекистонда тўй-маъракалардаги исрофгарчиликни камайтириш масаласи яна муҳокама қилинмоқда. 23 октябрда эълон қилинган хабарга кўра, Сирдарёда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси матбуот хизмати ва «Маҳалла медиа» ташкил этган анжуманда маросимларни ихчам ўтказиш, оилаларни қарздорликдан асраш ҳақида гап борган. Маҳалла фаоллари ва нуронийларнинг тарғиботдаги иштирокини кучайтириш зарурлиги таъкидланган.
Бу чақириқлар янгилик эмас. Ўтган йил бошланган «Маромийлик» лойиҳаси ҳам тўй ва оилавий маросимларда ортиқча харажатларни камайтиришни мақсад қилган эди. Лекин, ўтган давр мобайнида тўйлардаги ҳаражатлар кўпайиб, янги одатлар билан тўлдирилаяпти, бир неча амалдорлар ҳам шундай тантанали тўйлар қилди, ҳатто Маданият вазири дабдабали тўйларда хизматда бўлди.

Бир йилдан кейин ҳам шу масалада тарғиботни кучайтириш ҳақида ҳамон гапирилаяпти. Бу тадбирлар оилаларнинг харажатини қисқартиришга қанчалик ёрдам беряпти? Бунга жавоб ҳозирча йўқ.
2026 йил февралда эълон қилинган ҳисоботга кўра, лойиҳанинг дастлабки 90 кунлик босқичида 1 156 та тарғибот тадбири ўтказилган, 2 514 нафар тарғиботчи учун семинарлар ташкил этилган. Хотин-қизлар қўмитаси йўналишида 8 695 та маҳаллада ишчи гуруҳлар тузилиб, тадбирларга 500 мингдан зиёд фуқаро қамраб олинган. Ижтимоий тармоқларда ўн мингдан ортиқ пост жойлаштирилган. Лойиҳа бу йил иккинчи босқичга ўтган. Бироқ мазкур ҳисоботда тўй харажатлари қанчага камайгани ёки нечта оила қарз олишдан воз кечгани кўрсатилмаган.
«Юксалиш» ҳаракати 2025 йилда 1 247 киши иштирокида ўтказган сўровда қатнашчиларнинг 25,1 фоизи тўй учун қарз олганини ёки олишни режалаштирганини айтган. 31,28 фоизи маросимга 30 миллион сўмгача маблағ сарфлагани ёки сарфлашни мўлжаллаётганини билдирган. Бу рақамлар кам даромадли оилаларнинг алоҳида харажати эмас, сўров иштирокчиларининг умумий жавобларидир.
Кам даромадли хонадон учун эса 30 миллион сўмнинг ўзи катта маблағ. Масалан, ойига жами 3 миллион сўм даромад оладиган оилага бу пулни топиш учун ўн ой керак. Бунда озиқ-овқат, коммунал тўловлар, кийим-кечак, дори-дармон ва болалар харажатларига бир сўм ҳам сарфланмаслиги керак бўлади.
Агар оила кундалик эҳтиёжларидан орттириб, ойига 500 минг сўм жамғара олса, 30 миллион сўм беш йилда йиғилади. 50 миллион сўмлик тўй учун эса саккиз йилу тўрт ой керак.
Бир оила осон кўтарадиган тўй харажати бошқа хонадонни йиллаб қарз тўлашга мажбур қилиши мумкин. Камхаржликни фақат меҳмонлар сони билан ўлчаш ҳам етарли эмас. Дастурхондан ташқари сарпо, совға-салом, хизматлар ва тўй олди-кетидаги маросимлар ҳам бюджетга қўшилади.
Айни пайтда мамлакатда никоҳлар сони камаймоқда. 22 октябрда Миллий статистика қўмитаси маълумотларига таяниб берилган хабарга кўра, 2021 йилда 305,2 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 267,1 мингтани ташкил қилган. Тўрт йилда 38,1 мингта ёки қарийб 12,5 фоиз камайиш кузатилган.
Албатта оила қуриш ҳақидаги муҳокамада ёшлар ва уларнинг ота-онаси зиммасига тушаётган молиявий юкни четлаб ўтиб бўлмайди.
«Юксалиш» сўровида қатнашганларнинг 46,11 фоизи катта тўй харажатига сабаблардан бири сифатида жамият босими ва «элга тўй беришим керак» деган мажбуриятни кўрсатган. 44,51 фоизи эса тўйга сарфланган маблағдан афсусланганини билдирган. Улар бу пулни таълим, уй-жой, соғлиқ ёки бизнесга йўналтиришни афзал кўришини айтган.
Демак, тарғиботнинг вазифаси одамларга исроф ёмонлигини эслатиш билан тугамайди. Содда тўй қилган оила қариндошлар танқидига учраса, қуда томон ортиқча талаб қўйса, йиғинда айтилган тежамкорлик чақириқларининг таъсири чекланади. Камхарж тўйни танлаганларни маҳалла фаоллари, нуронийлар ва яқинлари амалда қўллаб-қувватлаши муҳим.
Кейинги ҳисоботда нечта йиғилиш ўтказилгани билан бирга, нечта оила тўйини қарзсиз ўтказа олгани ҳам айтилса, «Маромийлик»нинг амалий натижаси кўринади.
Ижтимоий тармоқлардаги суҳбатларда тўйлардаги 2019-2020 йилги чекловлар ҳаражатларни анча қисқартира олганини кўп эсланади. Сизнингча шундай чекловлар зарурати мавжудми, ё тадбирлар билан қисқаришга эришса бўладими?




