Иқтисодчи Юлий Юсупов хорижий харидор маҳсулот ҳақини вақтида тўламагани учун ўзбекистонлик экспортчини жаримага тортиш амалиётини танқид қилди.
Унинг фикрича, жарималарни камайтириш ижобий қадам, аммо зарар кўрган томоннинг ўзи жазоланиши муаммонинг асоси бўлиб қолмоқда.
Бунга Қонунчилик палатаси 20 октябрда қабул қилган қонун лойиҳаси сабаб бўлди. «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартишлар айрим ҳолларда ташқи савдо активларини белгиланган муддатда қайтармаганлик учун жаримани 50 фоизга камайтиришни назарда тутади. Ҳужжат иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилиниб, Сенатга юборилган.
«Экспортчимизга маҳсулоти учун вақтида пул тўлашмади. Айбдор — пулни тўламаган томон. Лекин давлат негадир жабрланган томонни жаримага тортади. Мантиқ қаерда?» — деб ёзди иқтисодчи.
Юсуповнинг айтишича, у бу масалани 2000-йиллардан буён кўтариб келади, ҳатто ўша даврдаги Олий Мажлис депутатлари олдида ҳам чиқиш қилган. Унинг эслашича, бир пайтлар ҳисобварақ-фактура тақдим этилганидан 30 кун ўтибоқ 100 фоизлик жарима қўлланган, пул белгиланган муддатдан бир неча кун кечикиб келганида ҳам тадбиркор жазоланган.
Иқтисодчи кейинчалик тартиб бир неча марта юмшатилганини эътироф этган. Бироқ жарима миқдорининг камайиши айбсиз тадбиркорни жазолаш масаласини ҳал қилмайди.
Амалдаги қонунда жарималар қайтмаган активлар суммасига нисбатан босқичма-босқич белгиланган. Дастлаб 5 фоиз, кечикиш узайганда қўшимча 10 фоиз, 545 кундан ошганда эса яна 35 фоиз. Жарима қўллаш учун умумий 180 кунлик муддатдан кейин яна 45 кун, кичик бизнес учун эса 90 кун ўтиши назарда тутилган. Қонунда айрим истиснолар ва маблағ қайтарилганда жаримани бекор қилиш ёки қайтариш имкониятлари ҳам бор.
Муаммонинг кўлами парламент муҳокамасида келтирилган рақамларда ҳам кўринади. 2024 йилда 3,5 минг тадбиркорга 752 млрд сўм, 2025 йилда эса 9,1 минг тадбиркорга 3,3 трлн сўм жарима қўлланган. Бир йилда жарималарнинг умумий суммаси тўрт баравардан кўпроқ ошган.
Янги лойиҳага кўра, қуйидаги ҳолатлардан камида биттаси мавжуд бўлса, суд жаримани икки баравар камайтириши назарда тутилмоқда:
– тадбиркор маблағни қайтариш учун ўзига боғлиқ барча чораларни, жумладан, суд ёки арбитражга мурожаат қилиш чораларини кўрган бўлса;
– ташқи савдо активларининг камида 50 фоизи қайтарилган бўлса;
– халқаро санкциялар, банк ва тўлов тизимларидаги чекловлар ёки валюта операцияларига тақиқлар маблағ қайтишига тўсқинлик қилган бўлса.
Бундай енгилликни 2027 йил 1 январдан жорий этиш президентнинг 27 августдаги фармонида ҳам белгиланган.
Юсупов эса масалага бошқача ёндашишни таклиф қилмоқда. Агар экспорт битими орқали капитални яширинча хорижга олиб чиқишдан шубҳа қилинса, айнан шу ҳаракатнинг қонунга хилофлиги ва битим олдиндан шундай мақсадда тузилгани судда исботланиши керак.
Унинг фикрича, хорижий ҳамкордан пулини ололмаган тадбиркорни жаримага тортиш айбсизларни жазолашга йўл очади, бизнес ва экспорт ривожига тўсқинлик қилади.




