Алишер Хўжаев қарийб йигирма йил давомида (2005-2024) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига раҳбарлик қилди. Бу даврда МТРК мамлакатдаги бюджетдан маблағ олувчи энг йирик ахборот воситаси бўлишига қарамай, жамоатчилик назарида энг ёпиқ давлат ташкилотларидан бири сифатида шаклланди.
Бугун эса айнан шу инсон Алишер Хўжаев очиқлик, эркин сўз ва давлатнинг ахборот сиёсати ҳақида мақола ёзди.
Мақолада очиқлик давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, журналистлар ва блогерларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ортиб бораётгани, давлат билан халқ ўртасида ишончли мулоқот шаклланаётгани ҳақида фикрлар билдирилади. Бу фикрларнинг ўзига эътироз билдириш қийин. Аммо муаллифнинг шахси ва унинг кўп йиллик фаолияти бу мақолага бошқача кўз қарашга мажбур қилади.
Алишер Хўжаев раҳбарлик қилган йилларда МТРК ҳақиқатан ҳам очиқлик тамойиллари асосида ишлаганми? Журналистлар ҳақиқатан тўртинчи ҳокимият бўла олганми?
Нега ўша йилларда давлат телевидениеси мамлакат учун энг оғриқли мавзуларни муҳокама қилганига гувоҳ бўлмадик. Кўпгина диктор, бошловчи, журналистлар мустақил ва хусусий телеканалларга ўтиб кетди. Холисона баҳо бериб МТРК учун бегона бўлган мавзуларни санаб кўрайлик.
Мажбурий пахта терими ҳақида эркин репортажлар эфирга узатилдими?
Коррупцияга оид мустақил журналистик суриштирувлар кўрсатилдими?
Давлат идораларидаги тизимли муаммолар ёки юқори даражадаги амалдорлар фаолияти танқидий таҳлил қилинган дастурлар эфирга чиқдими?
Россия–Украина уруши каби халқаро масалаларда турли нуқтаи назарларга эфир берилдими?
Бу саволларга жавобни мамлакатдаги медиа муҳитини кузатган ҳар қандай инсон яхши билади.
МТРК узоқ йиллар давомида асосан расмий ахборотни тарқатувчи майдон бўлиб қолди. Давлат сиёсатига зид фикрлар, мустақил таҳлиллар ва баҳсли мавзулар эфирга чиқмади ёки жуда чекланган ҳолда ёритилди. Натижада кўплаб фуқаролар муҳим ахборотни хорижий оммавий ахборот воситалари ва кейинчалик ижтимоий тармоқлар орқали излашга мажбур бўлди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Алишер Хўжаевнинг бугун очиқлик ҳақидаги мулоҳазаларида кулгилидек. Балки Хўжаев ўз раҳбарлиги даврига танқидий баҳо берса мақоланинг салмоғи ортармиди?
Мақолада мустақилликнинг дастлабки йилларида ахборот сиёсати давлатчиликни мустаҳкамлашга хизмат қилгани, кейин эса рақамли давр янги ёндашувларни талаб этгани ҳақида сўз юритилади. Бироқ муаллиф МТРКни бошқарган даврда қандай хатолар бўлгани, қандай чекловлар мавжуд бўлгани, журналистлар нима учун эркин ишлай олмагани ҳақида лом-мим демайди.
Ҳолбуки, айнан шу ҳақдаги самимий таҳлил мақолани анча ишончли қилган бўлар эди.
Муаллиф мақоласида «ҳақиқатга ишонган давлатгина очиқ мулоқотдан қўрқмайди», деб ёзади. Бу фикр билан баҳслашиш қийин. Аммо шу мезонни унинг раҳбарлиги давридаги Миллий телерадиокомпания фаолиятига нисбатан ҳам қўллаш мумкин.
Агар давлат ҳақиқатдан қўрқмаган бўлса, нима учун мамлакатдаги энг муҳим ижтимоий муаммолар давлат телевидениесида очиқ муҳокама қилинмади? Нега танқидий журналистика эмас, бир томонлама ахборот устун бўлди? Нега одамлар ҳақиқатни давлат телеканалларидан эмас, бошқа манбалардан излашга мажбур бўлди?
Эҳтимол, унинг қаламидан чиққан энг кучли мақола очиқлик ҳақида эмас, балки нима учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси узоқ йиллар давомида давлат тарғибот машинасига айлангани ҳақида бўлса ўринли бўлар эди.




