Европa Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент Ботаника боғида тозалаш акциясини ўтказди. Тадбир ҳар йили дунё бўйлаб ўтказиладиган “Яшил Дипломатия ҳафталиклари” глобал ташаббусининг навбатдаги босқичи бўлиб, экологик дипломатияни ривожлантириш ва жамоатчиликда экологик мадниятни оширишни мақсад қилади.

Тошкентдаги акцияда Европa Иттифоқига аъзо давлатлар элчихоналари вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари, кўнгиллилар, мактаб ўқувчилари ва талабалардан иборат юзлаб иштирокчилар қатнашди. 2 000 дан ортиқ ўсимлик тури сақланадиган Ботаника боғининг тозалиги ва асралиши шаҳар экологияси учун муҳим бўлгани боис, тадбир нафақат амалий ишлар, балки экологик маданиятни ривожлантиришга қаратилган аҳамиятли ташаббус бўлди.
Ташкилотчилар таъкидлаганидек, атроф-муҳитни асраш ҳар бир инсоннинг кундалик танловидан бошланади. Ҳукумат ва институцияларнинг ташаббуслари қай даражада муҳим бўлмасин, жамоат жойларини тоза сақлаш одати ҳам барқарор ривожланишнинг асосий бўғини ҳисобланади. Европа Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг ушбу қўшма ҳаракати иқлим ўзгаришига қарши курашиш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ва “яшил сиёсат” бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
Европa Иттифоқи Делегацияси акцияда иштирок этган барча ташкилотлар ва кўнгиллиларга миннатдорлик билдириб, аҳолини шаҳар боғлари, дам олиш ҳудудлари ва умумий фойдаланиш масканларини тоза сақлашга масъулият билан ёндашишга чақирди.




