Россия бир томондан миграция қоидаларини кучайтириб, хорижликларнинг айрим соҳаларда ишлашини чеклаяпти. Иккинчи томондан эса мамлакат иқтисодиёти ишчи кучи танқислигига дуч келмоқда. Бунинг устига, Марказий Осиёдан борган айрим мигрантларни Украинадаги урушга жалб қилиш, алдаш ёки босим остида ҳарбий шартнома имзолатиш ҳолатлари ҳақида хабарлар ҳам кўпаймоқда.
2026 йил статистикаси Россия меҳнат бозорида бир вақтнинг ўзида бир-бирига зид бир нечта жараён кетаётганини кўрсатяпти.
Марказий Осиёдан Россияга ишлаш учун боришлар сезиларли камайган. «Ведомости» Россия чегара хизмати статистикасини таҳлил қилиб, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларининг «иш» мақсадида Россияга киришлари қарийб 15 фоизга қисқарганини аниқлади. 2025 йилнинг шу даврида 2,3 миллиондан ортиқ шундай кириш қайд этилган бўлса, бу йил кўрсаткич 1,9 миллион атрофида бўлган.
Ўзбекистон ҳали ҳам биринчи ўринда. Биринчи ярим йилликда ўзбекистонликлар томонидан 1,1 миллиондан ортиқ меҳнат мақсадидаги кириш қайд этилган. Бироқ бу кўрсаткичнинг ўзи ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,2 фоизга камайган.
Бу ҳолат Россияда ишчи кучи ортиқча бўлган бир пайтда юз бераётгани йўқ.
14 октябрь куни Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова мамлакатда ишсизлик 2,2 фоиз даражасида қолгани, банд аҳоли сони эса тарихий юқори кўрсаткич — 74,6 миллион кишига етганини маълум қилди.
Россия Марказий банки ҳам меҳнат бозоридаги кескинлик 2024 йилдаги чўққидан пасайганини қайд этмоқда. Бироқ ишсизлик тарихий минимумда қоляпти ва айрим тармоқларда кадр топиш муаммоси сақланиб турибди.
Россия Меҳнат вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, 2030 йилгача иқтисодиётга 10,9 миллион киши жалб қилиниши керак. Шундан қарийб 10,1 миллиони пенсия ёшига етаётган ходимларнинг ўрнини босиш учун зарур.
«Ведомости» келтирган ҳисоб-китобга кўра эса, чоралар кўрилган тақдирда ҳам 2030 йилга бориб Россияда 2,61 миллион ишчи етишмаслиги мумкин. Ҳозирги танқислик қарийб 1 миллион киши деб баҳоланмоқда.
Иш керак, аммо мигрантга чеклов кўп
РБК ҳисоб-китобига кўра, 2026 йил июнь ҳолатига Россия субъектларининг ярмидан кўпида патент билан ишлайдиган хорижликларни айрим соҳаларда ишга олиш чекланган. Чекловлар савдо, такси, курьерлик, умумий овқатланиш ва бошқа мигрантлар кўп ишлайдиган тармоқларни ҳам қамраб олган.
Аммо бу ерда яна бир, анча жиддий омил пайдо бўлди. Россияга иш излаб борган айрим Марказий Осиё фуқароларининг Украинадаги урушга тушиб қолиши.
Россиядаги миграция рейдлари ва мигрантларнинг ҳуқуқий жиҳатдан заиф ҳолатидан ҳарбий шартнома имзолатиш учун фойдаланилаётгани ҳақида хабарлар кўпайган.
Масала фақат бир-икки ҳолат билан чекланмаётгани ҳақида халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари ҳам гапирмоқда.
Amnesty International сентябрда эълон қилган тадқиқотида Россия минглаб хорижликлар, шу жумладан Россияда яшаётган мигрант ва қочқинларни Украинадаги урушга жалб қилганини билдирди. Ташкилотга кўра, айрим одамларга қурилиш, логистика, қўриқлаш ёки бошқа фуқаролик ишлари, юқори маош ёки тезлаштирилган фуқаролик ваъда қилинган, аммо кейин улар ҳарбий хизматга жалб этилган. Amnesty баъзи ҳолатларда алдов, мажбурлаш ва эксплуатация даражаси одам савдоси аломатларига мос келиши мумкин, деган хулосага келган.
Марказий Осиёликларнинг Россия армиясидаги аниқ сонини тасдиқлаш қийин. Москва хорижлик ҳарбий хизматчилар бўйича тўлиқ очиқ статистика эълон қилмайди.
Украина ҳукуматига қарашли «Хочу жить» лойиҳаси 2026 йил майигача Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган 12 919 нафар Марказий Осиё фуқаросини, жумладан 4 955 нафар Ўзбекистон фуқаросини аниқлаганини билдирган. Бу рақамлар мустақил равишда тўлиқ тасдиқланмаган.
Ўзбекистон томони ҳам бу хавф ҳақида расман огоҳлантирган.
Миграция агентлиги 4 августда «қатор давлатларда хорижий ишчиларни қуролли ҳаракатларда иштирок этишга ёллаш ҳолатлари кўпайгани»ни маълум қилиб, фуқароларни шубҳали ёллаш таклифларидан эҳтиёт бўлишга чақирди. Агентликка кўра, хорижда ёлланма асосда ҳарбий хизмат қилиш Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154¹-моддаси бўйича 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Май ойидаги яна бир расмий огоҳлантиришда эса айрим шахслар фуқароларнинг ишончини «иш», «юридик ёрдам» ёки ҳужжатларни тез расмийлаштириш ваъдалари билан қозониб, уларни ҳарбий фаолиятга жалб қилишга уринаётгани қайд этилган.
Бу омил Россия меҳнат бозорининг мигрант учун нафақат ҳуқуқий ва иқтисодий, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам мураккаблашаётганини кўрсатади.
Россия бир қўли билан чеклайди, иккинчиси билан ишчи қидиради
Қизиғи, ишчи етишмовчилиги туфайли Россия ҳукумати айрим талабларни юмшатиш имкониятларини ҳам кўриб чиқяпти.
«Коммерсантъ» Россия ИИВнинг янги таклифи ҳақида хабар қилди. Унга кўра, ишчи кучи танқис бўлган илгарилаб ривожланиш ҳудудларида ишлайдиган айрим хорижликларни рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳондан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Россия бир вақтнинг ўзида ишчи кучини бошқа мамлакатлардан жалб қилиш учун янги каналларни ҳам очяпти. 1 октябрда Давлат думаси, 2 октябрда эса Федерация кенгаши Ҳиндистон билан фуқароларнинг вақтинча меҳнат фаолияти тўғрисидаги келишувни ратификация қилди.
Демак, гап Россиянинг умуман мигрантлардан воз кечаётганида эмас. Аксинча, миграция модели ўзгаряпти. Патент асосида ишлайдиган анъанавий Марказий Осиё миграциясига нисбатан назорат ва чекловлар кучайтириляпти, шу билан бир пайтда аниқ иш берувчи ва муайян касблар учун ташкиллаштирилган хорижий ишчи кучига эҳтиёж сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистон ҳам Россияга қарамликни камайтиряпти
Бу жараён фақат Москва сиёсати билан боғлиқ эмас. Тошкентнинг ўзи ҳам меҳнат миграцияси географиясини кенгайтиришга ҳаракат қиляпти.
5 октябрда Ўзбекистон Миграция агентлиги берган маълумотга кўра, 2026 йилда 42 давлатдаги 716 та иш берувчи ва рекрутинг ташкилоти билан музокара ўтказилиб, 132 та янги шартнома имзоланган.
Музокаралар натижасида ўртача 1500 доллар ва ундан юқори маош таклиф қилинадиган 262,2 мингта иш ўрни аниқланган. АҚШ, Италия, Швеция, Франция ва Словения янги меҳнат йўналишлари сифатида қўшилган. Йил бошидан 171,2 минг нафар Ўзбекистон фуқароси хорижда ишга жойлаштирилган.
Пул ўтказмалари географиясида ҳам ўзгариш бор. Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистонга хориждан 9,3 миллиард доллар келиб тушган — бу бир йил аввалгидан 13 фоиз кўп.
Айни пайтда Буюк Британиядан пул ўтказмалари 62 фоизга, Европа Иттифоқи давлатларидан 27 фоизга, АҚШдан эса 19 фоизга ошган. Марказий банк буни ташқи меҳнат миграцияси географияси диверсификацияси давом этаётганининг белгиси сифатида қайд этган.
Россия учун янги муаммо
Ҳуллас, Россия меҳнат бозорида ўзига хос парадокс юзага келяпти.
Мамлакатга қурилиш, коммунал хизматлар, саноат, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун ишчилар керак. Демографик жараёнлар эса яқин йилларда бу эҳтиёжни яна ошириши мумкин.
Бироқ анъанавий равишда бу бўшлиқни тўлдириб келган Марказий Осиё мигрантлари учун Россияда ишлаш қимматлашяпти ва мураккаблашяпти. Патент ва ҳужжатлар, соҳавий чекловлар, полиция рейдлари, депортация хавфига энди ҳарбий ёллаш билан боғлиқ хавфлар ҳақидаги хабарлар ҳам қўшилди.
Россия Ўзбекистон фуқаролари учун ҳамон энг катта меҳнат бозорларидан бири. Лекин у энди ягона йўналиш эмас. Европа, Корея, Япония, Буюк Британия ва бошқа давлатларга қонуний ишга жойлашиш каналлари кенгайса, Москва олдидаги асосий савол аста-секин «мигрантларни қандай чеклаш?»дан «уларни қандай жалб қилиб қолиш?»га айланиши мумкин.




