Жаҳон банки Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган 200 млн долларлик лойиҳани тасдиқлади.
Лойиҳа 5 йилга мўлжалланган бўлиб, учта асосий йўналишни қамраб олади.
Сурхондарё вилоятидаги М41 минтақавий автомобиль йўлининг 91 километр қисми реконструкция қилинади. Бу жараёнда Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги “Автойўлинвест” агентлиги қўллаб-қувватланади. Мазкур йўл Ўзбекистонни Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон билан боғлайдиган муҳим транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирги икки қаторли йўл тўрт қаторли трассага айлантирилади.
Лойиҳа фақат йўлни кенгайтириш билан чекланмайди. Йўл қопламаси сифати яхшиланиши, йўл ҳаракати хавфсизлиги кучайтирилиши, автобус бекатларини қулайлаштирилиши назарда тутилган. Шунингдек, сув тошқини хавфидан ҳимоя қилувчи 180 га яқин кўприк ва дренаж иншоотлари қурилади ёки реконструкция қилинади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим қисми — Транспорт вазирлигига мультимодал ташувларни ривожлантириш миллий стратегиясини ишлаб чиқишда кўмак беришдир.
Учинчи йўналиш — “Ўзбекистон темир йўллари”да ислоҳотларни чуқурлаштиришдан иборат.
Лойиҳа доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятидаги бизнес жараёнларини такомиллаштириш ҳам кўзда тутилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда халқаро аҳамиятга эга 3 626 км, республика аҳамиятига эга 16 909 км йўллар бор. Бу йўлларнинг айрим қисмларини айтмаганда асосий қисми таъмирталаб аҳволда қолмоқда.
М-41 халқаро автомобил йўли нафақат Марказиё Осиёдаги, балки жаҳондаги денгиз сатҳидан энг баланд жойлардан ўтган йўллардан бири ҳисобланади.
Мазкур йўл Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридан бошланади ва Ўш шаҳри орқали Тожикистон ҳудудига ўтади. Сўнг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хорог ва мамлакат пойтахти Душанбе шаҳри орқали Ўзбекистонга, Сурхондарё вилоятига чиқади ва Термиз шаҳригача боради.
Мазкур йўлнинг катта қисми Помир тоғларидан, денгиз сатҳидан 4 минг метр баландликдан ўтади ва шу кўрсаткич бўйича у дунёдаги ноёб йўллардан ҳисобланади.
М-41нинг умумий узунлиги 1 600 км атрофида бўлиб, шундан 191 км йўл Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. М-41 Тожикистон билан чегарадош бўлган Сариосиёдан бошланиб, Денов, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманлари орқали Термиз шаҳригача боради.




