Тошкентда Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси ташкил этилди.
Тошкент шаҳрида 10 март — Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан тантанали учрашув бўлиб ўтди. Тадбир доирасида мамлакат тарихида илк бор Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси ташкил этилгани эълон қилинди.
Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева суд тизимида аёлларнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаган.

Ўзбекистонда аёл судялар сони сезиларли ошган. Хусусан, сўнгги 10 йил ичида уларнинг сони икки баравар кўпайган.
“Ҳозирда мамлакат суд тизимида аёл судялар улуши қарийб 15 фоизни ташкил этади. 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегиясига мувофиқ, бу кўрсаткични 30 фоизга етказиш мақсад қилинган”, – дейилади хабарда.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон суд тизимида жами 1500 дан ортиқ судья бўлса, шундан 245 нафари аёл судьялардир. Аёлларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган.
Тадбирда илк бор аёл судьялар давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан аёллар ва болаларни зўравонлик ҳамда тазйиқдан ҳимоя қилишга қаратилган муҳим фармон қабул қилганига хабарда алоҳида урғу берилган.
«Бу – инсон тақдирини барбод қилиб, жиноятини “анъана” ниқоби остига яширишга, мавқеи ёки мансаби билан хаспўшлашга уринаётган кимсаларга қарши муросасиз қадамдир. Бу борада судялар ҳал қилувчи ўринга эга: қонун шундай ишлаши керакки, жиноятчи учун баҳона ҳам, “туйнук” ҳам қолмасин», деган Саида Мирзиёева.

Шу боис судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва терговга қадар текширув идоралари фаолияти самарадорлигини янада ошириш муҳим.
Администрация раҳбарининг таъкидлашича, зўравонлик жамият сукути ёки жабрланувчилар қўрқуви ортига яшириниб қолмаслиги керак. Ўзбекистонда ана шундай муҳитни шакллантириш мақсад қилинган.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги резолюцияси билан 10 март — Халқаро аёл судьялар куни деб эълон қилинган.




