Ҳалқ олдида ҳисобдор ва жавобгар бўлмаган ҳокимиятда коррупция расмий кўриниш олади. Журналистлар ҳукумат ҳисобдорлигини назорат қилишда фаол бўлишлари керак. Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази ва ҳамкорлар томонидан ҳукумат ҳаражатларини назорат қилиш бўйича журналистларни билимини оширишга бағишланган лойиҳа якуни юзасидан давра суҳбати уюштирилди.
“Рақамли воситалар орқали жамоатчилик назорати”, деб номланган мазкур лойиҳа Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги (FCDO) томонидан молиялаштирилиб, “Иқтисодий ривожланиш учун самарали бошқарув” (EGED) дастури доирасида амалга оширилди. Лойиҳа Қирғизистоннинг “Тараққиёт сиёсат институти” жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида йўлга қўйилган эди.
Лойиҳа доирасида давлат ҳаридлари, орол денгизига ажратилган маблағлар мониторинги юзасидан таҳлилий материаллар тайёрланди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида 30 дан ортиқ журналистлар ва 20 га яқин давлат идораларининг матбуот хизмати ходимлари рақамли воситалар билан ишлаш кўникмаларини оширдилар. Давра суҳбатлари орқали 20 дан ортиқ давлат органлари ва 160 дан ортиқ иштирокчилар жамоатчилик муҳокамаларига жалб этилган.
Муҳокамаларда рақамли очиқлик, оммавий ахборот воситалари роли, маълумотлар журналистикаси ва ҳисобдорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Давра суҳбатида расмийларнинг очиқ мулоқотдан қочиши, кўпгина коррупция аломатлари, қонун бузилиши ҳақида ёзилган материаллар расмийлар томонидан чора кўрилмай қолиб кетаётгани муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида коррупция ва ҳисобдорлик бўйича материалларни ёритишда оммавий ахборот воситалари бир-бирларини қўллаши зарурлиги таъкидланди.




