Хитой компаниялари Ўзбекистонда замонавий касбларга ўқитиш бўйича ҳамкорлик қилади.
Тошкент шаҳрида Хитой–Ўзбекистон Таълим Иттифоқи ва Тадбиркорлар Форуми ўтказилди. Тадбир Aifu Group компаниясига қарашли Табиий ва ижтимоий фанлар университети биносида бўлиб ўтди.
Форум Aifu гуруҳи, Хитойдаги Yilu маданият маркази ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Хитойнинг турли минтақаларидан келган савдо уюшмалари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирда Jiangsu, Henan, Hubei, Guangdong ва Shanxi провинцияларидан келган савдо уюшмалари ва йирик компаниялар ўз фаолиятига оид янгиликларни тақдим этди.
Форум доирасида таълим ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорлик, талабаларни касбий тайёрлаш, стажировкалар ташкил этиш ва уларни иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Aifu университети электрон тижорат, автомобил таъмирлаш, озиқ-овқат, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича касбий таълим зоналари ташкил этишни режалаштирмоқда.
Yilu маркази блогерлар, таржимонлар ва электрон тижорат мутахассисларини тайёрлаш ҳамда талабаларни Хитойда тажриба алмашишга юбориш имкониятларини таклиф этмоқда. Aifu университети шунингдек, Хитой, Россия, Жанубий Корея, Туркия ва Германия университетлари билан ҳамкорлик орқали икки дипломли таълим дастурларини амалга ошириш ниятида.
Форум иштирокчилари Ўзбекистон бозорини истиқболли деб баҳолади. Улар маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш, сармоя жалб этиш ва икки мамлакат ўртасидаги интеграцияни чуқурлаштиришга тайёр эканини билдиришди. Экспертлар Хитой университетларида ўзбек тили ва маданиятига қизиқиш ошиб бораётганини алоҳида қайд этди.

Тадбир якунида Аниқ ва ижтимоий фанлар университети ва Хитой олий таълим муассасаси ўртасида расмий ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ҳамкорлик илмий тадқиқотлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви ҳамда қўшма лойиҳа ва конференцияларни ташкил этишни назарда тутади.




