Бу билан жамият иккиламчи санкцияларга тушмайдими?
Бу масалани «Замонавий Журналистикани ривожлантириш маркази» ўрганди.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ санкциялар остида қолган Россия компанияларидан 121,15 млн рублдан ортиқ ($1,2 млн) товар ва хизматларни харид қилган. Шу жумладан, энг йирик шартнома 90 миллион рубллик бўлиб, у «Промэлектроника» Илмий-ишлаб чиқариш маркази билан тузилган.
Бу шартнома 2024 йил декабрь ойида имзоланган бўлиб, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ушбу маблағ эвазига қуйидагиларни харид қилган:
• Полга ўрнатиладиган электрон модуллар
• Йўл датчиклари
• Бошқарув ва ҳимоя платалари
• Сафар параметрларини қайд қилиш кассеталари
• Интерфейс ўқувчи қурилмалар
Украина 2023 йил апрел ойида «Промоэлектроника» Илмий-ишлаб чиқариш марказига қарши санкциялар киритди.
«РОССИЯ ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ» ОАЖ
«Ўзбекистон темир йўллари» «РТЙ” ОАЖдан 31,15 миллион рублдан ортиқ суммага хизматларни сотиб олди. Энг йирик харид эса 2023 йил июль ойида 16 миллион рубллик шартнома бўлди. Шартнома доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» техник хизмат кўрсатиш, дастурий таъминотни қўллаб-қувватлаш хизматини олди.

2024 йил май ойида 5,5 миллион рубл миқдоридаги бошқа шартнома доирасида АЖ ахборот технологияларини техник қўллаб-қувватлаш хизматларини олди, жумладан:
– Юк вагонларининг инвентар парки бўйича рақамли ҳисобот юритиш;
– Бошқа давлатларга тегишли юк вагонларидан фойдаланганлик учун тўлов ҳисоб-китоби;
-Контейнерларнинг инвентар паркининг рақамли ҳисобини юритиш ва бошқа хизматлар.
Шунга ўхшаш шартнома 2024 йил сентябрь ойида тузилган бўлиб, у ҳам 5,5 миллион рублни ташкил этган ва ахборот технологиялари соҳасидаги дастурий таъминотни ўз ичига олган эди.
2024 йил июль ойида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот технологиялари маҳсулотларига лицензиялар тақдим этиш хизмати бўйича 2,7 миллион рубл миқдорида шартнома тузади.
2024 йил апрел ойида 1,35 миллион рубл эвазига ахборот технологиялари соҳасида дастурий таъминот харид қилинди.
Ниҳоят, 2024 йил ноябрь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Экспресс-3» автоматлаштирилган ахборот тизимининг норматив-маълумот базасини юритиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун 131 минг рубл тўлади.
Европа Иттифоқи 2022 йил 26 февралда РТЙ га қарши санкциялар киритди. Ўшанда давлат компанияси Канаданинг, бир ойдан сўнг эса Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилди. 2022 йил июль ойида РТЙ санкциялар «компанияларга ижтимоий аҳамиятга эга ва гуманитар функцияларни бажаришга, бизнес юритишга тўсқинлик қилаётгани ва россияликларга нисбатан камситувчи эканлигини» таъкидлади.
Сиёсатшунос Темур Умаровнинг фикрича, «Ўзбекистон темир йўллари» санкция остидаги компаниялардан ускуналар сотиб олгани учун иккиламчи санкцияларга тушмайди.
«Ускуналарни сотиб олиш санкция остидаги фаолият ҳисобланмайди. Аммо агар АҚШда ёки умуман ғарбда «ЎТЙ»ни санкциялар рўйхатига қўшишни хоҳлайдиган қарор қабул қилувчилар топилса, улар танқид қиладиган нарса топишади. «ЎТЙ» ускуналарни сотиб олиш орқали билвосита «РТЙ»нинг фойдасини оширади, «РТЙ» солиқларни тўлайди ва фойдани кўпайтиради, деб танқид қилиш мумкин. Шунга кўра, «ЎТЙ» санкция остидаги компаниянинг даромад олишига ва бу маблағ/даромад Россиянинг Украинага бостириб киришини ҳомийлик молиялаштиришга йўналтирилишига кўмаклашмоқда. Истаганда, бу билвосита иккиламчи санкцияларни келтириб чиқариши мумкин».
Темур Умаров Марказий Осиёда Россия корхоналари билан шартномалар тузган ташкилотларни аниқлаш билан шуғулланаётган тадқиқотчиларни кўрмаслигини айтди.
“Мен Ўзбекистон Россия корхоналарига етарлича катта миқдорда етказиб бераётган пахта ишлаб чиқариш ҳақида гапирмаяпман. Бу пахта кейинчалик порох ишлаб чиқаришда қўлланилади ва бу Украинага бостириб кириш билан бевосита боғлиқ йирик мавзулардан биридир.”
Сиёсатшуноснинг айтишича, бу ташкилотларга ҳали санкциялар қўйилмаган. “Россияга бевосита ҳомийлик қилаётган ёки урушда ёрдам бераётган деб аташ қийин бўлган ташкилотлар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади”.
Бу, Ўзбекистон компанияларининг санкцияга учраган Россия компанияларидан маҳсулот ва хизматлар харид қилаётган биринчи ҳолат эмас. Хусусан, 2024 йил июнь ойида Тошкент метрополитени АҚШ санкциялари остида қолган Россиянинг «Метровагонмаш» компаниясидан поездлар сотиб олаётгани ҳақида хабар берган эди.




