«Туғилишлар сонининг камайиши чуқур демографик муаммоларни англатмайди»
Бу хулосани иқтисодчи Миркомил Холбоев билдирди.
2024 йилда 926 мингта чақалоқ дунёга келган бўлиб олдинги йилга нисбатан туғилишлар сони 3,7 фоизга қисқарган. Умуман олганда, сўнгги йилларда туғилишлар сонининг доимий ўсиш тенденцияси кузатилаётган эди, 2024 йилда туғилишларнинг қисқариши кўпчиликда саволларни келтириб чиқарди? Яъни аҳолиси доимий равишда ўсаётган Ўзбекистонда қандай қилиб чақалоқлар сони қисқармоқда?
Иқтисодчининг ёзишича, бу ҳолатга асосий сабаб 1992-2000 йиллардаги иқтисодий пасайиш ва қийинчилик даврида туғилишларнинг доим қисқариши ҳисобланади. Хусусан бу даврда туғилишлар сони 1991 йилдаги 700 мингдан ошиқроқ кўрсаткичдан 2000 йилларнинг бошида 500 минггача қисқарган. Яъни 10 йил ичида йиллик туғилишлар сони 30 фоизгача қисқарган.
Хўш, Мустақилликнинг илк йилларида юзага келган бу вазиятнинг ҳозирги қисқаришга қандай боғлиқлиги бор?
Ҳозирги кунда эркаклар учун турмуш қуриш ёши 27,1 ёшни аёллар учун эса 22,3 ёшни ташкил этади. Бу дегани, ҳозир турмуш қураётган эркакларнинг аксарияти айни туғилиш қисқаришнинг энг чуқур йилларида дунёга келган. Турмуш қуриш ёшидаги аёлларнинг аксари эса ўша пасайишнинг сўнги йиллари ва кейинги туғилишдаги нисбатан тикланиш йилларида дунёга келишган.
Яъни айнан 2024 йилга келиб одамлар камроқ фарзанд кўришга қарор қилишни бошлагани йўқ балки туғиш ёшидагилар сони олдинги авлодга нисбатан камроқ бўлганлиги учун туғилишлар камаймоқда, холос.
Хусусан агар, аҳолининг ёш таркиби бўйича сонига қарасак, жумладан 20-39 ёшдаги аҳолини тўртта ёш гуруҳига (20-24, 25-29, 30-34, 35-39) бўлинса, кўринадики, 2018 йилгача бўлган даврда 20-24 ёшли аҳоли сони бошқа учта гуруҳга нисбатан юқори бўлган, кейинчалик 2022 йилгача эса 25-29 ёшли аҳоли сони энг кўп бўлган. 2023 йилдан эса 30-34 ёшли аҳоли сони қолган гуруҳларга нисбатан кўпроқни ташкил этган бўлса, 2024 йилдан 35-39 ёшли аҳолининг сони 4 та ёш гуруҳи орасида иккинчи энг йирик гуруҳга айланган.
Яъни, 2022 йилгача бўлган даврда фарзанд энг кўп кўриладиган ёш гуруҳларидаги аҳоли сони бошқа гуруҳларга нисбатан етакчи бўлган бўлса, 2023 йилдан нисбатан кам фарзанд кўриш ёшидаги икки гуруҳ ( 30-34 ҳамда 35-39 ёшли) сон жиҳатдан етакчи гуруҳга айланган. Бу эса айнан мустақиллик давридаги туғилишларнинг чуқур пасайиши билан изоҳланади.
Бундан ташқари, бошқа кўрсаткичлар ҳам аҳоли кам фарзанд кўришга эмас балки кўпроқ фарзанд кўришга қарор қилаётганлигини кўрсатади. Хусусан, умумий фертиллик даражаси (бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони) 2017 йилда 2,42 дан 2023 йилга келиб 3,45 га етган.
Шунингдек, 2024 йилда 45,1 мингта никоҳдан ажрашиш ҳолатлари қайд этилган бўлса, шуларда 48,1 фоизи фарзандсиз ажрашларга тўғри келади. Яъни фарзандсиз ажримлар улушининг юқорилиги аҳоли учун фарзанднинг аҳамияти қанчалар юқорилиги кўрсатади.
Умуман олганда, олдинги таҳлилларимда ёзганимдек, туғилишлар сонининг камайиши билан боғлиқ ҳолат “мавсумий” хусусиятга эга бўлиб, ҳеч қандай фундаментал демографик муаммолар вужудга келаётганлигини кўрсатмайди. Мустақилликнинг илк декадасидаги Демографик пасайишдан кейинги авлод фарзанд кўриш ёшига етиб туғилишлар сонида муҳим рол ўйнашни бошлаши билан туғилишларнинг пасайиши ортда қолиб яна юқори ўсиш кўрсаткичларига қайтилади, дейди Миркомил Холдоров.
Маълумот учун, 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 37 543 200 кишини ташкил этди. Бу 2024 йилга нисбатан 2 фоизга ёки 743 400 кишига кўпдир.




