Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатдики, 2020 йил, яъни пандемия авж олган вақтда Ўзбекистонда ҳам ўлим кўрсаткичи кескин ортган ва шундан буён кўрсаткичлар деярли ўзгаришсиз қолмоқда. 2019 йилда Ўзбекистонда 154 минг 570 киши вафот этган бўлса, 2020 йилда бу рақам 175 минг 625 кишини ташкил этган. Бу эса бир йилда ўлим кўрсаткичи 21 минг 55 нафарга ортганини кўрсатади.

Ваҳоланки соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йилда касалликдан вафот этганлар сони 622 кишига етгани тўғрисида 2021 йил 11 февраль куни хабар берган. Қизиқ томони шундаки, вазирлик кейинроқ 2020 йилда хорижда вафот этган 1629 нафар ўзбекистонлик ҳам йил бўйича ўлим статистикасига киритилиши, лекин COVID-19 статистикасида қайд этилмаслигини айтганди.
Бу нимадан далолат беради? Хорижда Ўзбекистондан кўра кўпроқ ўзбекистонликлар вафот этгану, Ўзбекистонда шундай «зўр тажриба» бўлганки, коронавирусдан катта қурбонлар бўлмадими? 2020 йилдан буёнги статистикага эътибор қаратилса вафот этганлар сони пандемия давригача бўлган кўрсаткичга етмаганига гувоҳ бўламиз:
2021 йилда – 174541;
2022 йилда – 172068;
2023 йилда – 172757 киши вафот этган.
2019 йилда бу кўрсаткич 160 мингга ҳам етмасди.
Аҳоли йил сайин ўсиб бормоқда, шу сабабли ўлим кўрсаткичи ортган дерсиз. Лекин, 2017 йилда ҳам кўрсаткич шу каби кескин ортган ва ўша йили вафот этганлар сони 2016 йилга нисбатан 6,7 минг кишига ўсиб, 161,5 минг нафарга етган. Уларнинг асосий қисми, яъни 74,6 фоизини 60 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли ташкил этган.

2017 йилда қайд этилган ўлим ҳолатларининг 59,9 фоизига қон айланиш тизими касалликлари 9,3 фоизи ўсимталардан, 6,5 фоизига бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлар, 5,7 фоизига овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, 4,8 фоизига нафас олиш аъзолари касалликлари, 1,7 фоизига юқумли ва паразитар касалликлар ҳамда 12,1 фоизига бошқа касалликлар сабаб бўлган.
2018 йилда эса статистикада ўлим сонининг камайиши кузатилган ва 154,7 мингта вафот этганлар қайд этилди. Бу 2017 йилга нисбатан қарийб 7 мингга кам дегани. Лекин пандемиядан буён ўлимлар сонининг камаймаётгани нимадан далолат беради? Қайси касаллик бу тенденцияни сақланиб қолинишига сабаб бўлмоқда. Коронавирусга қарши курашиш деб олиб келинган ва миллиардлар сарфланган вакциналар таъсирини кўрсатмадими?
Бу саволларга мутасаддилардан жавоб кутамиз.




