Рамзан Қодиров Комил Алламжоновга қарши суиқасдга алоқаси йўқлигини иддао қилди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз телеграм саҳифасида Комил Алламжоновнинг машинаси ўққа тутилишига оид хабарга шундай муносабат берди:
«Ўзбекистонда бир неча ҳафта олдин мамлакат президенти маъмуриятининг собиқ ходими кетаётган машинага қарата ўқ узилган эди. Ҳеч ким жабрланмади. Гумонланувчилардан бири аллақачон ҳибсга олинган, тергов барча иштирокчиларни ва суиқасд сабабларини аниқлаши керак. Бироқ, натижаларни кутмасдан, мамлакатдаги ғарбпараст ва баъзи мухолифат ОАВлари «чечен изи» ҳақидаги версияни чиқариб ташлашди ва кейин бу изни менга боғлашди.
Мен бу провокацион нарсаларга жавоб бермайман. Қолаверса, Ўзбекистонда муҳтарам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли барча соҳалар, жумладан, ахборот ва ҳуқуқ-тартибот тизимидаги ишлар аъло даражада. Мен шуни қўшимча қиламанки, агар мен ҳақиқатан ҳам бирор нарсани режалаштирган бўлсам, уни охиригача ва 100% натижа билан қиламан.
Чеченлар ва ўзбеклар тарихий ўтмиши умумий бўлган қардош халқлардир. Бизнинг умумий жиҳатларимиз жуда кўп. Шахсан мен учун Ўзбекистон ўзбек халқини, унинг одоб-ахлоқини севган азиз ОТАМ Ахмат-Хожи ҳаётининг алоҳида ва муҳим қисмидир. Ва мен бу маълумотни маълум учинчи томонлар томонидан сиёсий ўйин қуроли ва мамлакатларимиз ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилган очиқ уриниш сифатида баҳолайман. Ишончим комилки, Ғарб услубидаги бошқа нашрлар ҳам уларга эргашади. Қандай бўлмасин, мен ва Ўзбекистондаги азиз биродарларим бу провокацион маълумотлар чиқиндиси ортида ким турганини аниқ билиб оламиз. Иш аллақачон олиб борилмоқда», – дейилади Рамзан Қодиров постида.
Эслатиб ўтамиз, Президент администрацияси собиқ ходими Комил Алламжоновнинг Range Rover йўлтанламаси 2024 йил 26 октябрь куни ўққа тутилганди.
Кейинроқ, мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.
Ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг бир нафари аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.