Бу ҳақида Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси хабар берган. Элчихона воқеага муносабат билдирар экан “Воқеа табиий офат туфайли содир бўлган бўлиб, бундай ҳодисалар афсуски, дунёнинг исталган жойида содир бўлиши мумкин”,дея изоҳ берган.
Қашқадарё вилоятидаги “Китоб-Самарқанд” йўлида юз берган тош тушиши оқибатида содир бўлган ҳалокатда икки нафар венгриялик туристлар ва ўзбекистонлик ҳайдовчи бўлган. Мазкур қайғули воқеа чоршанба куни содир бўлган эди.
Сайёҳлар Chevrolet Cobalt автомашинасида бўлган. Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги воқеа суратларини тарқатмасликни сўраган. Тегишли идора тафсилотлар ўрганилаётгани ҳақида хабар берган эди.
Элчихона ушбу фожиага оид қуйидаги баёнотни берди:
“Ўзбекистон Республикасининг Венгриядаги элчихонаси Қашқадарё вилоятидаги “Китоб-Самарқанд” йўлида тош ёғилиши оқибатида икки нафар венгриялик фуқаронинг ҳалок бўлгани ҳақидаги қайғули хабарни чуқур афсус билан қабул қилди. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чин қалбдан ҳамдардлик билдирамиз. Воқеа табиий офат туфайли содир бўлган бўлиб, бундай ҳодисалар афсуски, дунёнинг исталган жойида содир бўлиши мумкин. Ўзбекистон томони ҳодисанинг барча жиҳатларини ўрганиш учун батафсил тергов олиб бормоқда. Шунингдек, марҳумларни тезда ватанларига қайтариш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрмиз”.