Нега ҳанузгача Тошкентда иситиш мавсуми бошланмаяпти?
Бугун Тошкентдаги қозонхоналарга бўлиб ўтаётган пресс-тур давомида журналистлар ушбу савол билан мутасаддиларга юзланди. “Иссиқлик электр станциялари” АЖ масъули қозонхоналар кузги-қишки мавсумга тайёрлигини, лекин уларни ишга тушириш жамиятга боғлиқ эмаслигини қайд этди.
«Тошкент иссиқлик маркази» Бош муҳандиси, ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Дониёр Тиллахўжаевнинг маълумот беришича, пойтахтда 15 та қозон қурилмалари мукаммал, 60 та қозон қурилмаларида жорий таъмирлаш, 239 та насос агрегатларида мукаммал ва жорий, 420 минг метр бўлган ички қувурлар ва ёрдамчи ускуналарнинг иссиқлик сақлаш қопламаларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Иссиқлик таъминотига старт берилиши кимга боғлиқ?
Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2014 йилдаги 194-сонли «Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бу буйруқни Тошкент шаҳар ҳокими бериши керак.
Ҳокимлик эса 28 октябрда эълон қилган тушунтиришида бу санани аниқ айтгани йўқ ва «Совуқ кунлар мавсумида хонадонингиз иссиқ ва қулай муҳитда бўлиши қанчалик муҳим эканлигини тушунамиз», деб пойтахт аҳолисига ҳамфикрлигини билдирди
Ҳокимликни эслатиб ўтишича, иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати кетма-кет 5 кунлик даврда 8 даражадан паст бўлган пайтдан бошланади. Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотларига асосан Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори чиқиши билан иситиш таъминоти ёқилади.
Марказий Осиё давлатларида иссиқлик таъминоти ёқилдими?
Ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати кетма-кет 5 кунлик даврда 8 даражадан паст бўлган пайтдан бошланиши кераклиги ҳақидаги қоида совет давридан қолган бўлиб, унга ҳамма Марказий Осиё давлатлари ҳам амал қилавермайди. Ўзимизда ҳам Ортиқхўжаев ҳокимлиги вақтида 2021 йили 14 октябрдан, 2022 йили 24 октябрдан таъминот бошланганди. Ўтган йили анча кечикди ва 6 ноябрдан иситиш даври бошланган. Бу йил ҳам ҳаво ҳарорати паст бўлишига қарамай Шавкат Умрзоқов метеорологлардан расмий хат кутиб ўтирибди.
Маълумот учун, Қозоғистонда иссиқлик таъминоти 24 сентябрда бошланган бўлиб, ҳудуднинг ҳароратига қараб навбатма-навбат октябрь ярмигача барча ҳудудлар таъминланди. Тошкентники билан деярли бир хил бўлган Чимкентда иссиқлик таъминоти узатилиши 21 октябрдан бошланган.
Қирғизистон пойтахтида эса 22 октябрдан иситиш мавсуми бошланди.
15-20 даража илиқ бўлган Тожикистон пойтахтида ҳам иссиқлик мавсуми бошлангани ҳақида маълум қилинган.