Сиёсий партиялар бу йилги сайловларда Бош вазир ўринбосари ва вазирлар номларидан партия обрўсини ошириш учун фойдалангани айтилмоқда.
Тармоқларда бирорта раҳбарнинг депутат бўлиб ишламаслиги, ўз ўрнида қолиб ишини давом эттириши ҳақида хабарлар эълон қилинмоқда.
Шунда вазир ва амалдорларни Парламентда кўришни истаб, партия учун овоз берган сайловчилар алдандими?
Ўзбекистонда мавжуд 5 та партия мажоритар сайлов тизимида парламентдаги ўринлар учун 75 нафардан иборат (пропорционал) жамоатчиликка таниш бўлган юзларни тақдим этди. Улар орасида, Экологик партия томонидан Азиз Абдуҳакимов, «Миллий тикланиш» партияси томонидан қатор актёрлар ва маданият вазири, Либерал демократлардан Даврон Ваҳобов (Савдо саноат палатаси раиси), Жамшид Ходжаев (Бош вазир ўринбосари) каби амалдорлар номзоди кўрсатилган.
Эндиликда номзодлари тасдиқланган юқори лавозимли амалдорлар партия сафида бўлган ҳолда депутатликда қолмаслиги, вазирликдаги ва бошқа лавозимларини сақлаб қолиши кутилаётгани айтилмоқда. 27 октябрда сайлов натижалари эълон қилинган ва 1 ноябрь сўнгги кун бўлиб қайси вазирлар амалидан воз кечиши аниқ бўлади.
Ўз овозини бераётган сайловчилар оммага таниш бўлган амалдорлар партиясини танлаб янглишмадими? Сайловчилар танлаган партия номзодлари Қонунчилик палатасида ўтирмаслиги қанчалик тўғри? Мазкур саволларга жавоб берган ЎзЛиДеП раиси ўринбосари Дилшод Шоумаров “Сайловчилар номзодлар эмас партиялар учун овоз берди. Пропорционал тизим бўйича киритилган 75 номзодлар партия таркибида сўзсиз қолади”, деб жавоб берди.
Бироқ, сайловчилар учун парламентда ким ўтириши ва ким овозлар бериб қарор қабул қилиши ҳам муҳим. Беш кун ичида машҳур амалдорлар номига қараб овоз берган сайловчилар қанчалик алдангани ёки аксинча бўлгани маълум бўлади.