Микола Дорошенко: “Украина учун тинчлик жуда керак ва бу тинчлик, албатта, бўлади!
Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко uzdiplomat.uz сайтига интервью берди.

Интервьюдаги асосий нуқталар:
- Микола Дорошенко халқаро майдонларда Украина резолюцияларини Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватлашга умид қилишини билдирди;
- “Украина Ўзбекистонни Марказий Осиёда етакчи бўлган ҳолда, мамлакатимизда адолатли ва барқарор тинчликка эришишга қаратилган халқаро ташаббусларни амалга оширишда иштирок этишга чақирди”;
- “Биз Ўзбекистон томонига Россия Федерациясининг бостириб кириши оқибатида энг кўп жабр кўрган ҳудудларга, айниқса, Сум вилоятига гуманитар ёрдам кўрсатиш имкониятини кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилдик”;
- «Украиналик болаларнинг Россияга олиб кетилиши аввало ҳарбий жиноят»;
- Украиналик журналистлар учун хавф-хатар одатий ҳолга айланган;
Uzdiplomat: Сиз БМТ Бош Ассамблеясининг Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясидаги иштироки ҳақида нима дея оласиз?
Энг аввало, таъкидлашни истардимки, Украина 1945 йилдан буён БМТнинг ҳаммуассис давлатларидан бири ҳисобланади. Бизнинг давлатимиз жаҳон ҳамжамияти олдида турган мураккаб ва кўп қиррали чақириқларни ҳал этиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларни марказлаштирувчи орган сифатида БМТни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратади.
2014 йилдан бери БМТ Бош Ассамблеяси Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва Россия томонидан халқаро тартиб-қоидаларнинг қўпол бузилишларини тўхтатишга қаратилган бир қатор резолюциялар учун овоз берди.
Шу боис, БМТнинг асосий тамойилларига риоя қилиш, Россиянинг Украинага нисбатан агрессиясини тезда тўхтатиш, Украина ҳудудининг вақтинчалик босиб олинган қисмлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, инсон ҳуқуқларини бузишни тўхтатиш ва халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш заруратини ҳисобга олган ҳолда, Украина халқаро ҳамжамият томонидан БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияларини қўллаб-қувватлаш географиясини кенгайтиришдан манфаатдор.

Биз шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг кейинги сессиялари ва бошқа халқаро майдонларда Украина резолюцияларини Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватлашга умид қиламиз.
Шуни таъкидлашни истардимки, Украина президенти Владимир Зеленскийнинг шу йил сентябрь ойининг охирида АҚШга ташрифи, унинг АҚШ раҳбарияти билан ва БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги учрашувлари, аввало, Украинада адолатли ва барқарор тинчликка эришишда халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлашини кучайтиришга қаратилган эди.
Президентнинг учрашувлари жуда мазмунли ўтди, ва бугунги кунда мамлакатимиз қўллаб-қувватланишини ва бу қўллаб-қувватлаш давом этаётганини кўрсатди. Украина шунингдек, ҳалигача нейтрал позицияда турган давлатлар билан ишлашни давом эттирмоқда.
Тинчлик Формуласини амалий татбиқ қилиш шароитларини яратиш мақсадида Украина Ғалаба режасини тайёрлади. Шу сабабли, АҚШга ташрифнинг муҳим қисми Вашингтонда, аввало, Президент Жо Байден ва унинг маъмуриятига Ғалаба режасини тақдим этишдан иборат бўлди.
Ғалаба режаси, хусусан, АҚШнинг асосий қонун чиқарувчи органи ҳисобланган Конгрессда, Украинага ёрдам пакетлари бўйича овоз беришни тўғридан-тўғри амалга оширадиган орган сифатида тақдим этилди. Шунингдек, Украина президенти мазкур режани АҚШ президентлигига иккала номзод — Камала Харрис ва Дональд Трампга ҳам тақдим этди. Бундан ташқари, Украина раҳбари «Катта еттилик» (G7) етакчилари билан Ғалаба Режасини муҳокама қилди, чунки мамлакатимиз уни амалга оширишда барча иттифоқчилар билан ҳамкорлик қилади.
Шунингдек, Нью-Йоркда «Еттилик гуруҳ» + Украина форматида муҳим учрашув бўлиб ўтди, унинг натижасида 30 дан ортиқ мамлакатлар ва Европа Иттифоқи Украина тикланиш ва қайта қуришни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма декларацияни қабул қилди.
Шу муносабат билан Украина президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларини келтирмоқчиман: «Ҳаёт зўравонлик билан бузилмайдиган тамойиллар ва қонунга асосланганда, унинг қадр-қиммати сақланади. Шу сабабли, иттифоқчилар бирлиги, жаҳон ҳамжамияти бирлиги Россияни тўхтатиш, бу урушни ва адолатли, ҳалол тинчликни кафолатлаш учун жуда муҳим. Украина учун тинчлик жуда керак ва бу тинчлик, албатта, бўлади».
Uzdiplomat: Сўнгги вақтларда Украина турли минтақаларда, жумладан, Марказий Осиёда ўзининг дипломатик саъй-ҳаракатларини кучайтирди. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари Украинани тинчликка қайтишда қандай ёрдам бериши мумкин?
Ҳа, албатта, икки ярим йилдан ортиқ вақт давомида Украина кўплаб хорижий мамлакатлар ва минтақалар билан икки томонлама муносабатларни қайта кўриб чиқди.
Геосиёсат нуқтаи назаридан, Марказий Осиё минтақаси илгари ҳам украин дипломатияси диққат марказида бўлган, хусусан, Украина ташқи сиёсат фаолияти Стратегиясида (2021 йилда қабул қилинган). Россиянинг ҳужумидан сўнг, Марказий Осиё йўналиши алоҳида аҳамият касб этди. Бугунги кунда Украина дипломатияси Марказий Осиё мамлакатлари билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришда янги ёндашувларни изламоқда, улар аввало миллий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган бўлиши лозим. Шу боис, Украина халқаро ҳуқуқ тамойиллари асосида ва ўзаро ҳурмат руҳида минтақа билан муносабатларни ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, бу кўп саъй-ҳаракатлар ва узоқ муддатли режалаштиришни талаб этади.
Биз Ўзбекистоннинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини юксак баҳолаймиз ва бу позиция ташқи босимга қарамасдан ўзгармаслигини умид қиламиз.
Украина Ўзбекистонни Марказий Осиёда етакчи бўлган ҳолда, мамлакатимизда адолатли ва барқарор тинчликка эришишга қаратилган халқаро ташаббусларни амалга оширишда иштирок этишга чақиради.
Яқин кунларда Владимир Зеленскийнинг Тинчлик Формуласини амалга ошириш доирасида бўлиб ўтадиган II Глобал Тинчлик Саммитида Ўзбекистон вакилларини кутиб олишдан мамнун бўламиз.
Ишонамизки, Ўзбекистон делегациясининг иштирок этиши, жаҳон хавфсизлик тамойиллари бўйича ҳар бир минтақанинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тўлиқ муҳокамалар ўтказишга ҳисса қўшади.
Uzdiplomat: Бугунги Украинадаги ички вазият, чет-элдан кўрсатилаётган ёрдам ва Ўзбекистондан олишни истаган кўмак ҳақида нима дея оласиз? Бугунги кунда мамлакатингизга энг зарур ёрдам нимадан иборат?
Тўлиқ кўламли уруш бошланганига 2,5 йил бўлди ва шу вақт мобайнида Украина ўзининг барча ички ресурсларини давлатни ҳимоя қилиш учун йўналтириб келмоқда. Шунингдек, Украина Ҳукумати нафақалар, ижтимоий ёрдамлар, ўқитувчилар ва шифокорлар маошларини барқарор молиялаштиришда давом этмоқда. Ҳукумат макромолия барқарорлигини сақлаш ва тезкор реконструкцияни бошлашга муваффақ бўлди.
Бугунги кунда Украина тикланиш коалициясини яратиш бўйича иш олиб бормоқда. Яқинда 30 дан ортиқ давлатлар ва Европа Иттифоқи мамлакатни тиклаш ва реконструкция қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича Қўшма декларацияни қабул қилди. Бу ҳужжат Украинага Европа Иттифоқига аъзолик йўлида ёрдам кўрсатиш, шунингдек, музлатилган Россия активларидан тахминан 50 миллиард АҚШ долларигача бўлган қўшимча молиявий ёрдам ажратишни назарда тутади. Бу маблағлар ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, энергетика барқарорлиги, иситиш ва бошқа муҳим лойиҳаларга йўналтирилади.
Бугунги кунда Украина тикланиши ва молиявий барқарорлик коалицияси ўнлаб мамлакатларни қамраб олган ва доимий равишда кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон ҳам бизга ёрдам кўрсатаётган мамлакатлар коалициясига қўшилиши мумкин. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчилигини инобатга олсак, ушбу мисолни бошқа қўшни мамлакатлар ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.
Сизнинг саволингизга жавобан, Украина бугунги кунда Ўзбекистондан қандай ёрдамни олишни исташи ҳақида шуларни айтишим мумкин: уруш давомида Россия стратегик авиация, қанотли ва баллистик ракеталарни қўллаб, Украина ҳудудидаги энергетика инфратузилмасини жиддий зарарлантирди.
Бугунги кунда Украина шошилинч техник ёрдамга муҳтож, бунда қаҳратон қиш келгунга қадар вайрон бўлган энергетика инфратузилмасини тиклаш ва мактаблар, болалар боғчалари ва шифохоналарда электр энергияси ва иссиқлик билан таъминлаш зарур.
Юқоридаги маълумотларни ва шаҳарлар ҳамда ҳудудий жамоаларнинг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадини инобатга олган ҳолда, биз Украинадаги электр энергияси ишлаб чиқариш объектларини қайта тиклаш ва таъмирлаш учун Ўзбекистон томонидан электр жиҳозлари тақдим этилишига миннатдор бўлар эдик.
Бундан ташқари, Украина ва Ўзбекистон ўртасида минтақалараро ҳамкорлик бўйича битимлар (Львов вилояти — Самарқанд, Сум вилояти — Қашқадарё вилояти) имзоланганлигини ҳисобга олган ҳолда, биз Ўзбекистон томонига Россия Федерацияси тажовузи оқибатида энг кўп жабр кўрган ҳудудларга, айниқса, Сум вилоятига гуманитар ёрдам кўрсатиш имкониятини кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилдик.
Шунингдек, Украина томони 2023 йил ёзида Россия Федерацияси томонидан амалга оширилган тажовуз ҳаракатлари оқибатида жабрланган украиналик болаларни даволаш учун қабул қилганлиги учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдиради. Умид қиламанки, биз ушбу ижобий ҳамкорликни давом эттирамиз ва Ўзбекистон томони урушдан жабрланган Украина ҳудудларидан, хусусан, Сум вилоятидан яна болаларни қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Uzdiplomat: Украиналик болаларнинг Россияга олиб кетилиши ҳақида гапириб бера оласизми? Уларни қайтариш учун Украина ҳукумати қандай чораларни кўрмоқда? Бу жараёнда қайси ташкилотлар ёки давлатлар Украинага ёрдам бермоқда?
Украиналик болаларнинг Россияга олиб кетилиши аввало ҳарбий жиноят, инсон ҳуқуқлари ва барча халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол бузилиши ҳисобланади. Cўнгги маълумотларга кўра, олиб кетилган украиналик болалар сони 19 минг нафардан 700 минг нафаргача етиши мумкин.
Украина болаларни қайтариш учун қатъий чоралар кўрмоқда: жиноятларни ҳужжатлаштириш, Россия ва халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб бориш, «Уруш болалари» онлайн платформасини яратиш ва Халқаро жиноий судга мурожаат қилиш чоралари кўрилмоқда. Бу курашда Украинага халқаро ташкилотлар (БМТ, ЮНИСЕФ, Қизил хоч), Европа Иттифоқи, айрим давлатлар (АҚШ, Канада, Буюк Британия) ва хайрия фондлари ёрдам бермоқда.
Болаларни қайтариш масаласида асосий воситачилар қуйидагилардан иборат: БМТ, музокаралар ва гуманитар ёрдам учун платформа яратувчи ташкилот; Қизил хоч, гуманитар масалалар билан шуғулланувчи ва Украина ҳамда Россия ўртасида боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилувчи ташкилот; Туркия, халқаро низоларда воситачилик тажрибасига эга давлат; Канада, Украина билан биргаликда Болаларни қайтариш халқаро коалициясини ташкил қилган давлат; АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари, мамлакатимизга сиёсий ва молиявий ёрдам кўрсатувчи давлатлардир.
Афсуски, Россия украиналик болаларни мажбурий депортация қилишни рад этишда давом этмоқда, шу билан бирга уларни фарзандликка олиш ва халқаро ташкилотлар учун уларга етиб бориш имкониятини чеклаш билан шуғулланмоқда.
Бу муаммони ҳал қилишнинг асосий жиҳатлари қуйидагилар: украин идоралари ўртасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш, халқаро коалиция яратиш, халқаро ҳамкорлар томонидан молиявий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Россияга босимни кучайтириш. Украина халқаро ҳамжамиятни янада фаол ҳаракатларга ва мамлакатимиз билан бирдамликни кучайтиришга чақирди. Биз Ўзбекистонни ҳам бу жараёнда иштирок этишга ва украиналик болаларни ўз юртига қайтариш жараёнида воситачи бўлишга таклиф қиламиз.
Uzdiplomat: Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун маданий дипломатия соҳасида қандай ташаббуслар режалаштирилган?
Бугунги кунда Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Бу жараёнда маданий дипломатия ҳал қилувчи роль ўйнайди, чунки у мамлакатларимиз халқлари бир-бирини яхшироқ тушунишига ёрдам беради.
Биз ўзбекистонликларга Украина ҳақида, унинг бой маданий мероси, тарихининг фожиавий саҳифалари ва мустақиллик ҳамда суверенитет учун кураши ҳақида ҳақиқатни етказишни мақсад қилганмиз. Бу кўргазмалар, кино намоишлари, концертлар ва муҳокама кечалари орқали амалга оширилади, улар орқали украин санъати ранг-баранглиги ва тинчлик, эркинлик ва бағрикенглик каби умуминсоний қадриятлар акс эттирилади.
Шуни маълум қилмоқчиманки, 15 октябрь куни “Ильхом” театрида Украинадаги Козицький хайрия фонди кўмагида украин рассомлари асарлари кўргазмасини очамиз. Тошкентликлар, дипломатик корпус вакиллари ва хорижий меҳмонлар ушбу кўргазмани кўришлари ва замонавий украин санъати ҳақида тасаввурга эга бўлишлари мумкин деб умид қиламан.
Келажакда биз Тошкент ва Самарқандда украин маданий марказларини очишни режалаштирганмиз, улар ўзаро тушуниш, маданий алмашинув ва украин диаспорасини қўллаб-қувватлаш марказларига айланади.
Келажакка назар солсак, биз Ўзбекистон ёшлари билан ҳамкорликда улкан салоҳиятни кўрамиз. Иқтидорли ўзбек талабаларига украин олий таълим муассасаларида сифатли таълим олиш имкониятини бериш учун барча шарт-шароитларни яратишни истаймиз. Бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг келажагига қўйилган сармоядир.
Ишонамизки, билим ва кенг дунёқарашга эга бўлган украин ва ўзбек ёшлари келажакда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни узоқ йиллар давомида мустаҳкамлай олади!
Uzdiplomat: Уруш вақтида Украина журналистлари ва ОАВ учун иш шароитлари қандай ўзгарди?
2022 йил 24 февралда тўлиқ кўламли уруш бошланганидан сўнг Украина журналистлари мисли кўрилмаган қийинчиликларга дуч келмоқда. Жисмоний хавф-хатар одатий ҳолатга айланди. Журналистлар фронтда ишлаб, ўқ ва ҳаво ҳужумлари остида ҳаётларини хатарга қўймоқдалар, шунингдек, босиб олинган ҳудудларда асирликка тушиш хавфига дуч келмоқдалар. Ҳаракат чекловлари маълумот олишни қийинлаштирмоқда. Жанглар бўлаётган ҳудудлар ва босиб олинган ҳудудларга етиб бориш қийин, шунинг учун журналистлар кўпинча гувоҳларнинг кўрсатмалари ва ҳарбий маълумотларга таянишига тўғри келади. Кўплаб таҳририятлар эвакуация қилиниб, техникаларини йўқотиш ва ишни ташкил қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Биласизки, ҳарбий ҳолат ҳарбий операциялар ва инфратузилма ҳақида маълумот тарқатишга чекловлар киритди, шунингдек, махфий маълумотларнинг “чиқиб кетиши” олдини олиш мақсадида давлат томонидан назорат кучайтирилди. Шу билан бирга, Украинада ягона телемарафоннинг яратилиши аҳолини марказлашган ҳолда хабардор қилиш имконини берди ва медиа ландшафтига ўзгариш киритди.
Киберхавфсизлик ва ахборот уруши ҳам доимий огоҳликни талаб қилади. Россия киберҳужумлари ва дезинформация кампаниялари Украина ОАВни издан чиқаришга қаратилган. Журналистлар фейк ва пропагандага қарши курашишда, маълумотларни аниқлашда жуда эҳтиёткорлик билан иш юритишлари керак.
Журналистларга психологик босим ҳам ортиб бормоқда. Урушнинг фожиали воқеаларини ёритиш, доимий стресс ва ҳаётга таҳдид уларнинг эмоционал ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳозирги вақтда халқаро журналистиканинг аҳамияти ошди. Украина журналистлари хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилиб, уруш ҳақидаги маълумотни жаҳон ҳамжамиятига етказмоқдалар. Кўплаб украин ОАВ ўз фаолиятини халқаро аудиторияга мослаштириб, материалларни инглиз тилида ҳам чоп этишмоқда.
Шунингдек, Украина журналистлари ва ОАВ ўз ишини сифатли ва объектив равишда амалга ошириб, украин халқи мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги учун курашнинг барча жиҳатларини ёритишда давом этмоқдалар.
Uzdiplomat: ОАВ вакиллари билан учрашувлар ҳар бир дипломатнинг фаолиятининг асосий қисми ҳисобланади. Сиз ўтган вақт давомида кўплаб ўзбек ОАВга интервью бердингиз ва журналистлар билан кўплаб учрашувлар ўтказдингиз. Бундай учрашувлар ҳақидаги таассуротларингиз қандай ва келгусида ОАВ билан мулоқотни давом эттиришни режалаштиряпсизми?
ОАВ вакиллари билан учрашувлар дипломатнинг ишида ҳар доим муҳим аҳамиятга эга бўлган, айниқса, глобал чақириқлар ва ўзгаришлар шароитида. Ўзбекистонда ишлаш давомида мен ўзбек журналистлари билан кўплаб учрашувлар ўтказдим ва ҳар бири конструктив ва қимматли мулоқот бўлди.
Ўзбек ОАВ билан мулоқотлардан таассуротларим жуда ижобий. Ўзбекистонлик журналистлар Украина, унинг маданий ва сиёсий реалликларига катта қизиқиш билдиришмоқда. Улар тарихимизни, маданиятимизни ва Украинанинг ўз эркинлиги ва мустақиллиги учун қандай курашаётганини яхшироқ тушунишга ҳаракат қилишмоқда. Бундай интервьюлар фақатгина Украинадаги воқеалар ҳақида ҳаққоний маълумотни етказиш эмас, балки халқларимиз ўртасида ўзаро тушуниш кўпригини яратишга хизмат қилади.
Ҳақиқатан ҳам, ОАВ билан мулоқот элчи сифатида менинг ишимнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Бу Ўзбекистон жамоатчилигига фақат Украина ҳақидаги маълумотларни эмас, балки халқаро сиёсатнинг муҳим масалаларига оид бизнинг позициямизни, шунингдек, Украина-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида гапириш имконини беради.
Ўзбек журналистларининг юқори даражадаги профессионализми, воқеаларни батафсил ёритиш ва Украинадаги вазиятни тушунишга бўлган қизиқиши мамнуният билан эътиборга лойиқдир.
Албатта, биз ОАВ билан фаол мулоқотни давом эттиришни режалаштиряпмиз. Бу оммавий дипломатиянинг муҳим қисми. Медиа орқали биз ўз тажрибамиз билан бўлишишимиз, маданий алмашинув, таълим ва турли соҳалардаги ҳамкорлик ғояларини илгари суришимиз мумкин. Биз учун Ўзбекистон жамоатчилиги Украина ҳақида ишончли ва кенг қамровли маълумотлар олиш имкониятига эга бўлиши муҳим. Очиқ мулоқот халқларимиз ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга ва Украина образини Ўзбекистонда ижобий шакллантиришга ёрдам беради.




