Бир вақтлар етакчи бўлган Халқ демократик партиясининг аввалгидек кучи ва обрўси йўқолдими?
Халқ демократик партияси Ўзбекистондаги биринчи тузилган, энг кекса партиядир. Мустақилликнинг илк ўн йиллигида йил олдин партия аъзолари сони жиҳатидан ҳам, депутатлик ўрни сонида ҳам энг катта сиёсий куч, кучли партия ҳисобланарди. Лекин бугунга келиб, бу партия аъзолари сони бўйича ҳам, парламентдаги ўрни бўйича ҳам энг ортга кетаётган партия бўлиб қолмоқда.
Ҳатто энг сўнгги тузилган Ўзбекистон Экологик партияси ҳам олдинлаб кетгандек. Нима учун?
Мазкур саволга Халқ Демократик партияси вакили Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова жавоб берди.
«Ҳақиқатдан ҳам бизнинг партиямиз отахон партия ҳисобланади. Агар бизнинг электоратимизга эътибор берсангиз, кўплаб раҳбар лавозимидаги аёллар ҳам, эркаклар ҳам партиямиз аъзосидир. Мен сизнинг Экопартия ҳақидаги фикрингизга қўшилмайман. Бугунги кунда Экология масалалари жудаям долзарб ва яшиллар дунё бўйича илғор кетишмоқда. Лекин бизни партиямиз ишлари кўзга кўринмайдиган ишлар. Биз, асосан, инсонларни ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича кўплаб ташаббусларни илгари сурамиз ва биз сўл партия ҳисобланамиз. Бизнинг дастуримизда туғилмаган чақалоқдан тортиб нуроний отахонгача, мактаб ўқитувчисидан тортиб, шифокоргача, сунъий интеллектдан тортиб таълим масалаларигача ва ногиронлик бўйича ташаббусни илгари суряпмиз.
Биз 1-2 минутда 100та мақсадни очиб беролмаймиз. Юртдошларимиз ХДПнинг дастурига бефарқ эмас. Қайси бир хонадонга кирсангиз, энг қизиқтирган масала: пенсия, бола пули, уй каби масалалар. Бу муаммолар бизнинг партиямиз дастурида ўзини ижобий ечимини топмоқда. Бунга битта мисол сифатида конституциянинг 42-моддасини келтирдим. Биз конституциянинг янги таҳририга янги таклиф берганмиз. 30 дан ортиқ таклифдан бири конституциянинг 42-моддасида ҳомиладор, ёш болали аёлларимизни ишга қабул қилмаслик, ишдан сабабсиз бўшатиш ёки уларни ойлик кам тўланадиган ишларга ўтказишни тақиқланиши бизнинг партияни ташаббусидир.
Биринчи марта бош қомусимизда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб белгиланди. Бу бизни неча йиллик орзумиз эди. Асосий мақсадимиз ҳар бир инсон фаровон яшасин, эҳтиёжманд аҳолимиз давлат томонидан ижтимоий ҳимояланган бўлсин. Шу билан бирга, ҳуқуқлар билан имкониятлар тенг бўлиши бизнинг муҳим мақсадларимиздан биридир”, дейди партия вакиллари иштирокида ўтган дебатда Малика Қодирхонова.




