Ўзбекистонлик 36 ёшли Дилрабо Обидова иммиграция ва паспорт фирибгарлиги фитнаси учун АҚШда қўлга олинди. Бу ҳақда Флорида маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.
Суд Обидовага тергов давомида жазо белгилади. Аммо аниқ жазо муддати айтилмаган.
Шунингдек, Обидовани Ўзбекистонга депортация қилиш ва унга бошпана ёки бошқа иммиграция енгилликларига мурожаат қилолмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинган. Обидова жорий йилнинг май ойида ўз айбини тан олган. Обидованинг эри Aбдувосит Разиков ҳам худди шу айблов билан судланган, аммо у ҳозирча қўлга олинмаган.
Суд ҳужжатларига кўра, Разиков ва Обидова ноқонуний йўл билан иммиграция имтиёзларини олиш мақсадида тил бириктиришган. Шу мақсадда 2007 йилда АҚШга келган Обидова гарчи аллақачон Разиков билан турмуш қурган бўлса ҳам AҚШ фуқароси билан сохта никоҳ тузган. AҚШ фуқароси билан қонуний никоҳда эканлигини тасдиқлаш учун Обидова сохта эр билан бирга яшаган. Биргаликда солиқ декларацияларини топширган, саҳналаштирилган фотосуратлар олган ва ҳатто сохта эрини ўзи ва Разиковнинг болаларининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларида кўрсатган. Разиковнинг ёрдами билан Обидова бир неча бор иммиграция ва паспорт олиш учун аризалар топширган ва ҳар сафар ўзининг сохта никоҳи ва (асил эри) Разиков билан турмуш қурганлиги ҳақидаги маълумотларни яширган.
Доимий яшаш мақомини олгандан сўнг, Обидова AҚШ фуқаролигини олишга уринган. Фуқароликни олиш учун берган аризасида Обидова ўзининг келиб чиқиши, никоҳлари ва олдин иммиграция мақомини ноқонуний олишга уринишлари ҳақида ёлғон маълумотлар берган. Обидова AҚШ фуқаролигини олиш учун сўнгги суҳбатига келганда, қўлга олинган.