Табиий офатлар, жумладан, сув ва сел тошқинлари ҳамда қурғоқчилик, фермер ва деҳқон хўжаликларига катта таъсир кўрсатади.
Мана шундай табиий офатлар содир бўлганда деҳқон ва фермерларга «Ўзагросуғурта» томонидан қанча пул тўлаб берилади?
Кеча, 18 май куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятининг 2023 йил якуни ҳамда 2024 йил I чоракдаги фаолияти таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда эса Uzdiplomat.uz мухбири иштирок этиб, юқоридаги саволга жавоб олди.
![](https://uzdiplomat.uz/wp-content/uploads/2024/05/photo-2024-05-18-13-48-37.jpg)
“Ўзагросуғурта” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари Алишер Юсуповнинг айтишича, табиий офатлар сабабли фермер ва деҳқон хўжалигига етказилган зарар 2019 йилги Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ қоплаб берилади.
Қарорга кўра, жами 10 та таваккалчилик бўйича шартномавий муносабат имзоланган. Улар орасида қурғоқчилик, сел тошқини ва бошқа табиий таваккалчиликлар бор. Ҳисоб-китоб масаласига келсак, бу аввало, қанча ер майдони суғурта ҳимоясига олинганига боғлиқ. Шунга қараб етказилган зарар бўйича математик ҳисоб-китоб олиб борилади. Албатта, бунда зарар кўрган шахс бизга мурожаат қилиши керак. Шундагина бу биз томонимиздан ўрганилади,
дейди Юсупов.
Суғурта даъволари департаменти раҳбари ўринбосари Музаффар Ибрагимов ҳам табиий офатларда ҳосилга зарар етса, бу қандай қоплаб берилиши бўйиша тушунтириш берар экан, тўлов қандай ҳисоб-китоб қилинишини очиқлади.
Сув ва сел тошқинлари бўйича ҳодиса юз берадиган бўлса, буни тан олишимиз учун мутасадди ташкилот маълумоти тақдим этилади. Бу маълумот гидрометаллургия томонидан берилади ва шу асосида кўриб чиқилади. Деҳқон ёки фермер ўз ерини суғурта қилган бўлса, у шартномада кўрсатган Яъни келишилган ҳосилдорликдан қанча кам ҳосил олган бўлса, орасидаги фарқ суғурта товони ҳисобланиб, бу миқдор суғурта компанияси томонидан қоплаб берилади»,
дейди у.
Маълумот учун, “Ўзагросуғурта” АЖнинг 2023 йилда таъминланган суғурта мукофотлари 393 млрд 152 млн сўмни ташкил қилган. Шундан 71 млрд 540 млн сўм мажбурий суғурта бўйича мукофотлар, 321 млрд 611 млн сўм эса ихтиёрий суғурта турлари бўйича мукофотларни ташкил қилган. Ўсиш кўрсаткичи эса 2022 йил билан солиштирилганда 121,6 фоиз ёки 69,9 млрд сўмга фарқ қилади.
Расмийлаштирилган суғурта шартномалари бўйича олинган мажбурият ҳажми 180 трлн 423 млрд 68 млн сўмни ташкил қилди, бу ўз навбатида 2022 йилга нисбатан 151,5 фоизга кўп демакдир.
Шу давр мобайнида Жамият мижозлари билан жами 715 314 дона суғурта шартномалари тузилган бўлиб, 650 034 тасини аҳоли соғлиғи ва мол-мулки билан боғлиқ суғурталар ҳамда 65 280 тасини бошқа турдаги суғурта хизматлари ташкил қилади.
Олинган мажбуриятлар доирасида мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 50 млрд 469 млн сўмлик суғурта товонлари тўлаб берилган. Шунинг мажбурий суғурта бўйича 20 млрд 434 млн сўм, ихтиёрий суғурта бўйича эса 30 млрд 35 млн сўм товон пули ҳиссасига тўғри келган.
2024 йилнинг 1-чораги якунлари кўрсаткичларида ҳам самарадорлик кўзга ташланди. Хусусан, 1-чорак давомида 55,2 млрд сўм суғурта мукофотлари таъминланди. Чорак давомида жами 104 774 та суғурта шартномалари тузилиб, 25,8 трлн сўм суғурта жавобгарлиги олинди. Олиб борилган жавобгарликлар доирасида жами 15,3 млрд сўм суғурта товони тўлаб берилган.