Президент Эрдўған халққа мурожаат қилиб, сўровнома ўтказган ва ўз партияси ходимларига сайлов натижаларини таҳлил қилишни топширган. Бу ҳақда “Туркия” газетаси хабар берди.
“АК Партия аъзолари 81 вилоятда майдонга чиқиб, фуқароларга 3 та савол билан мурожаат қилган”,- дейилади газета хабарида.
Туркиянинг «Ҳурриет» газетаси хабарига кўра, фуқаролардан “Нимани кутмоқдасиз?”, “АК партия кенгашидан қониқасизми?”, “Нега сайловга бормадингиз?” каби саволлар мавжуд бўлган 40 га яқин савол билан тўлдирилган анкета ишчи комиссия аъзолари томонидан фуқароларга берилган ва жавоблари Президент Тоййиб Эрдўғанга тақдим этилади.
Президент эса айбни миллатдан изламаслиги ва партияда ҳеч ким жавобгар эмаслигини таъкидлаган.
“Ё хатоларимизни кўриб ўзимизни қўлга оламиз, ё қуёшни кўрган муз мисоли эришда давом этамиз. Ёки ўз ишимизни бошдан охиригача аъло даражада бажарамиз, ёки янада оғирроқ бадаллар тўлашдан қутулолмаймиз. Ё миллатимиз билан меҳр-муҳаббат кўприкларимизни мустаҳкамлаймиз, ёки ўзимиз танқид қилган партиялар каби бўлиб қоламиз. Биз ҳеч кимга, ким бўлишидан қатъи назар, 22 йиллик тажриба ва 22 йиллик машаққатли курашни беҳуда сарфлашига йўл қўймаймиз. Хатони, иллатни ёки камчиликни миллатдан излаш ҳеч қачон урф-одатимизга кирмаган.
Биз сиёсий ҳаётимизда ҳеч қачон бундай йўлдан бормадик, энди ҳам бу йўлдан бормаймиз. Очиғи, бу стол атрофида ўтирган дўстларимнинг ҳеч бири, жумладан мен ҳам 31 март куни бўлиб ўтадиган сайлов натижалари масъулиятидан қочолмаймиз. Бошқалардан ҳисоб сўрашдан олдин ўзимиздан ҳисоб сўрай олишимиз керак. Пичоқни ўзимизга урмасдан аввал бошқаларга санчмаслигингизни истар эдим”,-деган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, 31 март куни Туркияда бўлиб ўтган маҳаллий сайловда илк бор Президент Эрдўған ютқизгани ҳақида хабар берган эдик.