Агар бозорлар қайта қурилса, Тошкент “Чорсу” каби тарихий манзилларидан айрилиб қолмайдими?
Айни пайтда бўлиб ўтаётган халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ер ўта чекланган шароитда бор инфратузилмани вертикал ўстириш орқали саноат ва савдони ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Унга кўра, Президентга Тошкентдаги йирик бозорларни кўп қаватли қилиб қайта қуриш таклиф этилган.
«Масалан, йирик бозорларни қават-қават усулда кенгайтириш, Юнусобод кичик саноат зонасидаги биноларни 3-4 қават қилиб қайта қуриш ҳисобига қўшимча майдонларни ҳосил қилиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди», – дейилади хабарда.
Маълумот учун, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг йирик бозорлардан бири – бу “Чорсу” бозори бўлиб, тарихан яратилиши ўрта асрларга тақалади. Мазкур бозор ҳатто Буюк ипак йўлида ҳам катта аҳамиятга эга эди. Агар йирик бозорлар бузилиб, ўрнига кўп қаватлилари қуриладиган бўлса, қадимий “Чорсу”га зарар етмайдими?
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг Амир Темур шоҳкўчасидаги саккизта давлат идорасининг эски биноларини реконструкция қилиш ва савдо объектлари, офис ва ерости автотураргоҳига эга меҳмонхоналар қуриш учун тадбиркорларга бериш ҳам таклиф этилган.
Амир Темур шоҳкўчасида эса асосан XVIII–XIX асрга оид, маданий мерослар рўйхатида турувчи бинолардан давлат ташкилоти сифатида фойдаланилади.