“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Тошкент шаҳар ва Жиззах вилояти ҳудудий филалларида умумий 8 млрд сўм маблағ миқдоридаги танлов савдоларида қонунчилик талаблари бузилган. Бу ҳақида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилган.
Қўмита ярим йиллик ҳисоботини тақдим этди. Унда давлат буюртмачилари томонидан товар, иш, хизмат ва қурилиш соҳаларида ўтказилган танлов (тендер) савдолари таҳлил қилинган.
Таҳлилларга кўра, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ҳудудий филиаллари, жумладан, Тошкент шаҳар ҳудудий филиали 2024 йил 7 февралда эълон қилган бошланғич қиймати 6 млрд 400 млн сўмлик “Трансформаторларни таъмирлаш хизматлари” учун ўтказилган танлов савдосида қонунчилик бузилгани аниқланган. Шунингдек, акционерлик жамиятининг Жиззах вилояти ҳудудий филиали томонидан бошланғич қиймати 1 млрд 575 млн сўмлик ўтказилган танлов савдоларида ҳам қонунчилик талаблари бузилган, деб топилган.
Рақобат қўмитаси ушбу танлов савдолари натижасини бекор қилиш бўйича кўрсатма берган.
Эслатма, май ойида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент вилоят филиалининг бўлим бошлиғи ва муҳандиси 39 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилганликлари ортидан қўлга олинган эди.