Баъзан ўйлаб қоламан. Нега касалхоналар одамга тўла, нега ёшларда ҳам инфаркт, инсульт кўпайиб кетяпти?
Бир неча кун тадбиркор бўлиб, ҳокимлик, прокуратура ва бошқа давлат идораларида ўз ҳуқуқимни талаб қилиб юргач, ҳазил аралаш бир хулосага келдим. Яъни инфаркт-инсультни ҳам давлат идораларида ўз ҳақингни талаб қилиб юрганда «юқтириб» олишимиз мумкин экан.
Бу кичик журналистик экспериментнинг хулосаси бўлди.
Ресторанда дегустатор таомни татиб кўриб баҳолайди. Дўконларни «сирли мижоз» харидор бўлиб текширади. Давлат идораларини-чи? Ким ичкарига “агент07” бўлиб ҳоким, прокурорларнинг оддий тадбиркор билан муносабатини кўра олади?
Мен бу сафар журналист бўлиб эмас, тадбиркор билан бирга оддий мурожаатчи бўлиб ҳокимлик ва прокуратура эшикларидан кириб кўрдим.
Тадбиркор қўл ювса ҳокимлар сув қуйиб бериши керак дейишарди. Билдимки баъзи ҳоким ва давлат хизматчилари тадбиркорнинг қўлига эмас, тагига сув қуйишга уринишар экан.
Ҳаммаси битта остонадан бошланди
Тошкентдаги йирик «Ўрикзор савдо комплекси» ёнида кичик тадбиркорнинг ўнта дўкони бор.
Муаммо Вазирлар Маҳкамасининг 478-сон қарори асосида туташ ҳудудларни ижарага бериш жараёнида бошланди.
Тадбиркор бир куни қараса, ўз дўконларининг остонаси — ўзи ҳам, харидорлари ҳам босиб кириб-чиқадиган жой — қўшни «Ўрикзор савдо комплекси»га туташ ҳудуд сифатида расмийлаштирилган.
Оддий қилиб айтганда, дўкон сизники, лекин дўконга кириш учун босадиган жойингиз бошқа тадбиркорга ижарага берилган.
Шундан кейин бизнинг давлат идоралари бўйлаб саёҳатимиз бошланди.
🔴Ҳокимликдаги «арвоҳлар»
Қизиғи, кичик тадбиркорнинг ўзи ҳам 12 август куни 478-сон қарор бўйича ўз дўконларига туташ ҳудудни расмийлаштириш учун Учтепа туман ҳокимлигига ариза берган экан. Ариза тўлдирилган. Кадастр маълумотлари берилган. Дўконлар ва уларнинг олдидаги ҳудудларнинг суратлари ҳам масъул ходимга телефон орқали юборилган.
Орадан бир неча кун ўтиб, аризанинг тақдирини сўраб ҳокимликка бордик. Ариза йўқ. Аввалига уни қабул қилган ходимни (Исломов Маъмур) ҳам танишмади. Телефондаги ёзишмаларни, суратларни кимга юборганимизни айтганимиздан кейин ходим борлиги маълум бўлди. Фақат у таътилда экан. Ходим таътилда. Ариза қаердалигини ҳеч ким билмайди.
“Астағфруллоҳ”, дедим ўша вақтда. Битта ходим таътилга чиқса, давлат тизими ҳам у билан бирга таътилга чиқиб кетар экан.
Ҳамма нарса рақамлаштирилаётган бир пайтда фуқаронинг аризаси уни қабул қилган ходим билан бирга «йўқолиб» қолиши мумкин экан. Ўзимча буни ҳокимликдаги «арвоҳлар» деб атадим.
🔴«Ер давлатники, билганини қилади»
Учтепа тумани иқтисодиёт ва молия бўлими раҳбариятига (Сафаров Дониёр) масалани тушунтирдик.
Биз аризани ўз вақтида берганимизни, аммо ҳозир у топилмаётганини, шу орада дўконларимиз олдидаги ҳудуд бошқа тадбиркорга расмийлаштирилганини айтдик. Ундан ташқари, тадбиркор билан 12 августдан аввалроқ борганимизда бизни “ ҳокимиятда свет йўқ”, деб қайтариб юборишган эди.
Бўлим раҳбарияти Дониёр Сафаров билан суҳбатда «Ер давлатники, билганини қилади», деган мазмунда жавоб эшитдик. Шу ерда менинг ичимдаги журналист яна уйғонди.
Давлат ери бўлса, давлат ҳақиқатан ҳам «билганини» қиладими? Қонун-чи? Қарор-чи? Тартиб-чи? Дониёр Сафаров учун бу эрмак қиладиган ҳужжатларми?
Бир тарафдан давлат мулозимини гапида жон бордек. “Ҳаааа, билганини қилаяптиямда”
🔴Ҳоким қабулига муаммо билан кирдик, прокуратура таҳдиди билан чиқдик
Кейин Учтепа тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Азизбек Азимов қабулига кирдик. Қабулга бир кун аввал, матбуот котиби орқали ёзилдик.
Қабул бошланишидан олдин телефон ва диктофонларни ўчириш сўралди.Биз ҳоким ўринбосарига 478-сон қарор бўйича муаммони тушунтирмоқчи эдик.Яъни: Нега бизнинг дўконимиз остонаси бошқа тадбиркорга берилганини билишни истардик.
Лекин суҳбат бошқа томонга кетди. Ҳоким ўринбосари тадбиркорнинг кадастр ҳужжатларини кўриб, қўшимча ердан фойдаланиш масаласини кўтарди. Бу ҳолат аввалдан видеога олингани, материаллар прокуратурага берилиши, жарима ва чоралар бўлиши ҳақида гапирди. Биз остона ҳақида гапиряпмиз. У прокуратура ҳақида гапириб қўрқитишга уринмоқда.
Мен суҳбатга аралашдим:
— Прокуратура чора кўрадими, солиқ жарима соладими — бу алоҳида масала. Аввал бизни нима учун келганимизни эшитсангиз.
Лекин яна прокуратура ҳақида гап кетди. Азимов “прокуратура” сўзини кўп ҳуш кўрар экан.
Шу ерда мен тадбиркор давлат идорасида ўзини қандай ҳис қилишини озгина бўлса ҳам ҳис қилдим.
Сиз ёрдам сўраб борасиз. Сизга эса прокуратурани эслатишади.
🔴«Ўрикзор»га мумкин бўлса, менга ҳам мумкинми?
Биз яна асосий масалага қайтишга уринамиз. Нега кичик тадбиркорнинг дўкони олдидаги жой «Ўрикзор савдо комплекси»га берилган?
Ҳоким ўринбосари «Ўрикзор» ўзидан 50 метр масофадаги ҳудудни шартнома асосида олиши мумкинлигини айтди.
Мен сўрадим:
— Бу ҳуқуқ «Ўрикзор»га алоҳида берилганми? Мен ҳам тадбиркорман. Унда мен ҳам ўзимдан 50 метр узоқ бўлмаган хоҳлаган жойимни олишим мумкинми?
Мен 478-сон қарорда «50 метр ичидаги хоҳлаган жойни олиш мумкин» деган қоидани кўрмаганимни айтдим.
Қолаверса, гап шунчаки бўш турган жой ҳақида эмас. Қизиғи шуки, бошқа тадбиркорнинг дўконига кириш-чиқиш жойи ҳақида гап кетмоқда.
Аммо Азимов саволга жавоб қилмасдан суҳбатни яна прокуратура ва тадбиркорнинг бошқа камчиликларига буришни афзал билди. Баъзан давлат идорасида «қайси қонунга асосан?» деб сўраш билан ўзингизга ҳукм ўқиб қўйишингиз мумкин экан. Тамом, энди ҳокимият сизни тинч қўймайди. Прокуратурадан бошингиз чиқмайди.
Шу орада кичик ремарка: Биз ёза олмаймиз, улар бизни суратга олиши мумкинми?
Қабулда ҳокимлик матбуот котиби ҳам бор эди.
Бизга ёзиб олиш ва суратга олиш мумкин эмаслиги айтилди.
Аммо матбуот котибининг ўзи бизни суратга олди.
Қабулдан кейин ундан сўрадим:
— Бизни суратга олиш учун розилигимизни сўрадингизми?
У ҳоким қабулидаги учрашувларни суратга олиб, сайтга жойлашини айтди.
Фуқаро амалдорни ёзиб ололмайди. Лекин давлат идораси шахсий масала билан келган фуқарони олдиндан розилигини олмасдан суратга олиб, кейин уни эълон қилиши мумкинми?
Кейинги локация шаҳар ҳокимлиги:«Йўқолган» ариза қаердан чиқди?
Учтепа туман ҳокимлигида иш битмагач, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Туташ ҳудудлардан самарали фойдаланиш дирекцияси”га мурожаат қилдик.
Мен тадбиркор номидан вазиятни тушунтирдим:
— Ўнта дўконим бор. Дўконларимга кириб-чиқадиган жойни қўшни тадбиркор ижарага олган. Қандай қилиб мен ўз дўконимга кириш учун бошқа тадбиркор эгаллаган ҳудуддан ўтишим керак?
Дирекциядан масъул ходим ҳудудга чиқди. Жойни кўрди. Кейин дирекциянинг ўзига бордик.Ва мана шу ерда «Агент 07»нинг энг қизиқ топилмаси чиқди. Учтепа туман ҳокимлигида: «Аризангиз йўқ». «Ходим таътилда», дейилган ҳужжатлар аслида йўқолмаган экан.
Кичик тадбиркор номидан тақдим қилинган маълумотлар, ҳатто унинг дўконларининг суратларигача «Ўрикзор савдо комплекси»га оид материаллар орасида шаҳарга юборилганини кўрдик. Ҳокимликка тадбиркор юборган суратлар ҳам ўша ерда. Биз ўз кўзимиз билан кўрдик.
Ҳужжатларда эса Азизбек Азимовнинг имзоси бор эди.
Шунда мен бир муддат нима дейишни билмай қолдим. Ариза йўқолмаган экан. Фақат эгасини «алмаштириб» қўйибди.
Бу қандай юз бергани ва бунда кимнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши кераклиги — энди ваколатли идоралар текшириши лозим бўлган масала.
Биз дирекциянинг комплаенс-назорат бўлимига кирдик. Кўрганларимизни айтдик. Мурожаат қолдирдик. Натижада «Ўрикзор»га мазкур туташ ҳудуд бўйича расмийлаштирилган ҳужжат бекор қилинди. Демак, тадбиркор бекорга эшикма-эшик юрмаган экан.
Бу воқеалардан аввалроқ тадбиркор шу туман прокуратура тизимидаги идорага ҳам чақирилган эди. Мен у билан бирга бордим.
У ерда ҳам гап, ўша ҳудуд ҳақида кетди.
Тадбиркорга дўконлари олдидаги жой «Ўрикзор»га тегишли экани айтилди.
Биз:
— Қайси ҳужжатга асосан? — деб сўрадик.
Қарорни кўрсатишни сўрадик. Бизга хат кўрсатилди.
Мен:
— Хат қандай қилиб ерга эгалик ёки фойдаланиш ҳуқуқини беради? Қарор қани? — деб сўрадим.
Кейин:
— Сиз бу ерда кимсиз? — деган саволни эшитдим.
Ва хонадан чиқарилдим.
Мен барча прокурорлар ёки барча ҳокимликлар ҳақида гапирмаяпман. Мен фақат ўзим кирган кабинетлар ва ўзим кўрган муносабат ҳақида ёзяпман. Мен кўрган тизимларда аҳвол мана шундай эди.
Тадбиркор ҳақ бўлиб чиқди. Аммо нега ҳали ҳам қўрқяпти?
Охирида «Ўрикзор»га берилган ҳужжат бекор қилинди. Тадбиркор энди ўз дўконига эркин кириб-чиқа олади. Мантиқан шу ерда воқеага нуқта қўйиш мумкин эди. Аммо тадбиркор учун нуқта қўйилмади. Унинг айтишича, ҳозир ҳам турли идоралардан келиб фаолиятини текшириш, камчилик излаш ҳолатлари давом этмоқда.
Энди у бошқа нарсадан хавотирда:
«Ҳокимлик биздан алам олмайдими?» Мана шу гап менга қаттиқ таъсир қилди. Кеча одам ўз ҳуқуқини давлатдан ҳимоя қилишни сўраб юрган эди. Бугун ҳақлигини исботлади. Энди эса: «Давлат идораларидан ўзимни ким ҳимоя қилади?», деб ўтирибди.




