250 млрдлик ердан нефть-газ лойиҳаларигача йирик талон-торож ва мансаб суиистеъмоли бўйича ишлар кўрилмоқда
Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш ва нефть-газ соҳаси билан боғлиқ икки йирик жиноят иши судга етиб келди.
Судланувчилар орасида Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ директори Акмалхон Ортиқов ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ собиқ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов, шунингдек, йирик хусусий компаниялар раҳбарлари бор.
Акмалхон Ортиқовга оид иш Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида биринчи инстанцияда кўрилмоқда. У Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 206-моддаси — ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва 209-моддаси — мансаб сохтакорлиги бўйича айбланмоқда. У билан бирга яна беш киши судланяпти.
Судга оид очиқ маълумотларда иш кўп эпизодли экани кўринади, аммо қайси давлат активлари ва битимлар ишга киритилгани ҳамда умумий зарар миқдори ҳозирча очиқланмаган.
Бу ишнинг тарихи 2026 йил январдаги катта текширувларга бориб тақалади. 27 январь куни президент Шавкат Мирзиёев Давактив ва «Ўзбекнефтгаз»да «миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар» аниқланганини айтган эди. Ўшанда мисол сифатида Давактив мансабдорлари бозор қиймати камида 250 млрд сўм бўлган ер участкасини ёпиқ аукцион орқали 120 млрд сўмга сотгани келтирилган. Шундан кейин Акмалхон Ортиқов лавозимидан озод этилди ва давлат мулки сотилган ҳар бир ҳолатни текшириш топширилди.
Ортиқов 2020 йил декабридан 2026 йил январигача Давлат активларини бошқариш агентлигини бошқарган. Бу давр Ўзбекистонда йирик давлат корхоналари, банклар, ер ва кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш жараёнлари жадаллашган йилларга тўғри келади.
«Ўзбекнефтгаз» собиқ раҳбари билан бирга Enter Engineering ва Eriell’га алоқадор шахслар ҳам судланмоқда.
Яна бир йирик иш «Ўзбекнефтгаз» АЖ собиқ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ва яна саккиз кишига оид. Олий суднинг электрон жадвалига кўра, иш Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида кўрилади, навбатдаги мажлис 24 июль куни соат 10:00 га белгиланган.
Судланувчилар орасида:
— Улуғбек Усмонов — Enter Engineering Pte. Ltd билан боғлиқ раҳбар;
— Нодиржон Бобоев — Eriell Management билан боғлиқ раҳбар;
— Бахтияр Анаркулов — «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раисининг собиқ ўринбосари;
— шунингдек, яна бир қатор собиқ мансабдор ва компания вакиллари бўлиб, жами 9 киши судланмоқда.
Суд жадвалидаги дастлабки айбловларга кўра, Баҳодиржон Сидиқовга Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 205-моддаси — ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва 209-моддаси — мансаб сохтакорлиги бўйича айбловлар қўйилган. Бошқа судланувчиларга қўйилган айбловлар шахсга қараб фарқ қилади.
Баҳодиржон Сидиқов «Ўзбекнефтгаз»ни икки марта бошқарган: 2019–2020 йилларда ва 2023 йилдан 2025 йил декабригача. У 2025 йил 17 декабрда «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» лавозимидан озод этилган. 2026 йил январь охирида эса ОАВ унинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Ўша пайтда расман «Ўзбекнефтгаз»да кенг кўламли текширув кетaётгани ва миллиардлаб сўмлик талон-торож ҳолатлари аниқлангани айтилган эди.
Шу тариқа, январда президент даражасида тилга олинган Давактив ва «Ўзбекнефтгаз»даги катта текширувлар орадан ярим йил ўтиб икки йирик суд ишига айланди. Бироқ ҳозирча айбловларда келтирилаётган эпизодлар бўйича давлатга етказилган умумий зарар миқдори, қайси аниқ битим ва лойиҳалар тергов предмети бўлгани тўлиқ очиқлангани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, суд ҳукми чиқмагунча судланувчилар айбдор деб ҳисобланмайди.




