Қозоғистон нашрлари бу техника Қозоғистонникидан устунми деб савол қўйган бўлса, танкларга ихтисослашган блог русларникидан ҳам яхшироқ деб таърифлаган.
Айни кунларда Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида анъанавий IDEX-2025 халқаро ҳарбий кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда дунё бўйлаб юзлаб компаниялар ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда — оддий ҳарбий кийим-кечакдан тортиб, оғир қурол-яроққача.
Бу йилги кўргазмада Ўзбекистон
ҳам иштирок этмоқда. Мамлакатимиз ўзининг учта ҳарбий техника намунасини намойиш қилди:
Arslon бронетранспортёри (БТР) — 6×6 ва 8×8 конфигурацияларида.
Toʻfon ўз-ўзидан ҳаракатланувчи ғилдиракли гаубитаси.
BTVT.info нашрига кўра, Arslon НАТО стандартларига мос равишда ишлаб чиқилган. Уни Krantas Group машинасозлик компанияси ишлаб чиқарган. Ушбу корхона кранлар, автоцистерналар ва бошқа махсус техникалар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Нашрнинг таъкидлашича, бу бронетранспортёр чет эл технологиялари асосида яратилган бўлса-да, унинг концепцияси муваффақиятли – МТР олдинда жойлашган, десант учун қулай рампа мавжуд.
«Икки йил олдин Ўзбекистон Россияни ғилдиракли ҳарбий машиналар ишлаб чиқаришда ортда қолдиради, дейилса ким ишонарди?», дейди муаллиф.
Ўзбекистон тақдим этган яна бир техника – Toʻfon гаубитаси бўлиб, бу унинг илк расмий намойиши бўлди.
Шу пайтгача Марказий Осиёда Қозоғистон Paramount Engineering (KPE) корхонаси ягона ғилдиракли бронетехника ишлаб чиқарувчи ҳисобланарди. У ички ва ташқи бозор учун «Барыс», «Арлан» ва «Алан» каби бронемашиналарни ишлаб чиқарарди.
Бироқ IDEX-2025 расмий веб-сайтидаги маълумотларга кўра, бу йилги кўргазмада KPE иштирок этмаяпти.




