Бу ҳолни ОАВ оммага эълон қилди. Энди пойтахт ҳокимига чора кўриладими?
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов 2024 йилнинг 10 октябрь куни 709-14-0-Қ/24 сонли қарорни қабул қилиб, яшириб қўйган. Яширилган ҳужжатга “ушбу ҳужжат шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширинган”лиги ҳақида изоҳ ёзилган. Бу эса қонунчиликка зид ҳисобланади.
Боиси қарор “Маблағ ажратиш тўғрисида” бўлиб, ушбу ҳужжат билан республика бюджетидан иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти харажатлари учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ажратилган 100 миллиард сўм мавжуд қарздорликлар ва кутилаётган харажатларни қоплаш назарда тутилган.
Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш тўғрисидаги қарори асос қилиб кўрсатилган. Қарорнинг 7-бандида Молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим қилинадиган ҳисоб-китоблар асосида ҳар йили Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети параметрларини шакллантиришда аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарларни қоплаш учун зарур субсидия маблағлари назарда тутилган.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида октябрь ойида Яккасарой, Шайхонтоҳур, Сирғали, Учтепа, Мирзо Улуғбек, Янги ҳаёт, Бектемир, Чилонзор, Юнусобод туманлари ҳокимларининг қарорлари қабул қилинган. Қарорларда:
- Яккасарой туманига — 4 миллиард,
- Шайхонтоҳур туманига —7 миллиард,
- Сирғали туманига салкам — 3 миллиард,
- Учтепа туманига — 8 миллиард,
- Мирзо Улуғбек туманига — 14 миллиард,
- Янги ҳаёт туманига — 3,5 миллиард,
- Бектемир туманига — 2 миллиард,
- Чилонзор туманига — 8 миллиард,
- Юнусобод туманига — 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилганини кўриш мумкин.
Яшнобод, Олмазор, Миробод туманлари ҳокимларининг қарорларини топишнинг иложи бўлмади. Катта эҳтимол билан ушбу туманлар ҳокимларининг қарорлари яшириб қўйилган.
Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги қарорга асоссиз равишда ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) белгисини қўйган. Бундан кўриниб турибдики, қарор ҳокимлик томонидан дастлаб яшириб қўйилган. Бироқ адлия бўлими очиб қўйган бўлиши мумкин, деб ёзади Daryo.uz нашри




