Баҳодир Низамович Қурбонов 2024 йил 23 ноябрь куни ДХХ раиси этиб тайинланди. У қаерда таҳсил олган, Ўзбекистон хавфсизлик тузилмалари бошқарувига келишдан олдин қаерларда ишлаган? Унинг таржимаи ҳоли билан таништирамиз!
У 1969 йилда Жиззах вилоятида туғилган.
1987—1989 йилларда ҳарбий хизматни ўтаган.
1990 йилда Ўзбекистон ИИВ Олий тергов мактабига, 1992 йилда эса Ўзбекистон ИИВ Олий мактабига ўқишга кирди.
Унинг фаолияти терговчиликдан тортиб, терроризмга қарши кураш бўлинмалари, порахўр амалдорларни қўлга олишга ихтисослашган махсус бўлинмаларгача турли кучишлатар тузилма йўналишларини қамраб олади.
1994—1996 йилларда Жиззах ИИБ тергов бўлимида аввал терговчи, сўнгра катта терговчи, 1996 йилдан эса Жиззах вилояти ИИБ Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашиш бўлимининг ноқонуний валюта операцияларига қарши курашиш бўлими тезкор ходими лавозимига ишга ўтган.
1997—1998 йилларда Жиззах вилояти ИИБ Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашиш бўлими 1-бўлими тезкор ходими, 1998 йилдан Жиззах вилояти ИИБ Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашиш бўлими 2-бўлими катта терговчиси лавозимига тайинланган.
1999 йилда Жиззах вилояти ИИБ Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашиш бўлими 3-бўлими катта терговчиси, шунингдек, Жиззах вилояти, Жиззах тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими терговчиси лавозимларида ишлаган. Шу йили Жиззах вилояти ИИБ Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашиш бўлими 3-бўлим бошлиғи ўринбосари сифатида тайинланган.
2001 йилдан Жиззах вилояти ИИБ Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашиш бўлими 2-бўлим бошлиғи ўринбосари, шунингдек, Жиззах вилояти ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бўлими бошлиғи ўринбосари сифатида фаолият юритиб келган.
2002 Жиззах вилояти Жиззах тумани ИИБ бошлиғи бўлди. 2005 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига ўтган.
2008 йилда марказга ротация қилинади ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги патруль хизмати бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Шу йили Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган.
2013 йил 24 декабрдан 2015 йил 27 декабргача Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2015 йилда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.
2017 йил 14 январда унга генерал-майор унвони берилган. 2018 йил 12 февралдан 2019 йил 11 февралгача Тошкент ҳарбий округи қўмондони лавозимида ишлади.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 11 февралдаги фармони билан Ўзбекистон мудофаа вазири этиб тайинланган.
2020 йил 15 августдан Ўзбекистон аралаш яккакурашлар ассоциацияси раиси бўлиб ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликдаги янги тартибга биноан Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига президент томонидан тақдим этилган номзод Сенат билан келишилганидан кейин президент томонидан тайинланиши белгилаб қўйилган.




