Янги тартибга кўра давлат раҳбари 16 эмас, 9 нафар халқ ичида обрў эътибор қозонган шахсларни Сенаторликка тайинлайди
Сизнингча бу рўйхатда кимлар бор?
2019 йил 25 декабрда ўтган сайловларда сенаторларнинг умумий рўйхати орадан 22 кун ўтиб, 17 январь куни эълон қилинганди.
Бу йилги сайловлар ўтганига 20 кун бўлаяпти. Демак, шу кунларда бу рўйхат эълон қилинади.
Сенат ўтган давр мобайнида 100 нафар аъзодан иборат бўлган бўлса, янгиланган Конституцияга кўра, эндиликда сенаторлар сони 65 нафарни ташкил этади. Улар Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — 4 нафардан (илгари — 6 нафардан) сайланади.
Сенатнинг яна 9 нафар аъзоси (илгари — 16) фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа соҳаларида катта амалий тажрибага эга бўлган энг обрўли фуқаролар орасидан Президент томонидан тайинланади.
Айнан Президент томонидан тайинланадиган Сенат аъзолари ким бўлиши доим сиёсий доираларда муҳокама марказида бўлади. Бу йил улар ким бўлади? Аввалги танланганлардан кимлар ўз жойида қолади деган саволлар қизиқтириши тайин.
Ўтган чақириқда 2020 йил 17 январь куни матбуотда президент томонидан тайинланиши керак бўлган 16 киши эмас, балки 13 нафар сенатор исми шарифи эълон қилинган эди. Улар қуйидагилар (Рўйхатда лавозимлар 2019 йилги ҳолатига кўрсатилган):
- Шавкат Аюпов — Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти директори;
- Элмира Боситхонова — Бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси;
- Қудратулла Рафиқов — Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси;
- Миракбар Раҳмонқулов — Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари;
- Сирожиддин Саййид — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси;
- Бахтиёр Сайфуллаев — Маданият вазири — Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори;
- Қувондиқ Санақулов — Навоий кон-металлургия комбинати бош директори;
- Содиқ Сафоев — Сенат раисининг биринчи ўринбосари;
- Алишер Саъдуллаев — Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари;
- Содиқжон Турдиев — Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси бошқаруви раиси;
- Минҳожиддин Ҳожиматов — Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари;
- Турсинхон Худойбергенов — Президент маслаҳатчиси;
- Беҳзод Йўлдошев — Ўзбекистон Фанлар академияси президенти.
16 сенатордан 3 нафари кейироқ алоҳида фармонлар билан сенатор бўлган. 2020 йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Раҳмат Тошназарович Маматов Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинлангани очиқланди.
Яна икки нафар Президент танлаган сенаторнинг кимлиги орадан қарийиб 10 ой ўтгандан сўнг аён бўлди. Шавкат Мирзиёев 2020 йил 20 октябрь куни Борий Батирович Алиханов ва Нариман Маджитович Умаровни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Бу рўйхатдагилардан 2 киши – Беҳзод Йўлдошев ва Бахтиёр Сайфуллаев вафот этишган.
Рўйхатдагилардан Элмира Боситхонова, Миракбар Раҳмонқулов, Қувондиқ Санақулов, Содиқ Сафоев, Алишер Саъдуллаевлар Сенатнинг аввалги таркибида бўлган ва 2020 йилда ҳам қайта тайинланган.
Бундан кўринадики, бу сафарги рўйхатдаги камида 6 киши ўзгаради.