Йиллик ўлчовда уй-жой савдоси 20,8%га камайди, бу эса уй сотиб олишга қизиқишнинг камайишини кўрсатиши мумкин.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази август ойи учун Ўзбекистон кўчмас мулк бозори баҳоларини эълон қилди.
Қайд этилишича, август ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозори фаолиятида бироз пасайиш билан тебранишларни кўрсатмоқда. Иккиламчи уй-жой бозори мўътадил ўсишни кўрсатмоқда, Тошкентда эса ижара уй-жой бозори барқарорлашмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлилига кўра, август ойида 22,2 мингта кўчмас мулк олди-сотди битимлари рўйхатга олинган, бу июль ойига нисбатан 3,5%га кам бўлиб, савдолар сони 23 мингтани ташкил этган.
Йиллик ўлчовда фаолликнинг сезиларли даражада пасайиши кузатилмоқда: уй-жой савдоси 20,8%га камайди, бу эса уй сотиб олишга қизиқишнинг камайишини кўрсатиши мумкин, дейилади шарҳда.
2024 йил август ойида ҳудудлар кесимида кўчмас мулк билан боғлиқ битимларнинг энг катта пасайиши Сирдарё (22,6%) ва Хоразм вилоятларида (13,2%), шунингдек Тошкент шаҳрида (9,7%) қайд этилган.
Йиллик ўлчовда Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида кўчмас мулк савдосининг пасайиши ҳар бир ҳудудда 30 фоиздан ортиқни ташкил қилди.
Ижара нархлари пасаймоқда
Август ойида Тошкент шаҳрида ижара уй-жой бозоридаги вазият барқарорлашган, бу ерда ижаранинг ўртача нархи 1 кв.м. учун 8,3 долларни ташкил қилди, бу ўтган ойдаги кўрсаткичга тўғри келади. Ўтган ойларга нисбатан нархларнинг пасайиши кузатилмоқда: июль ойида – 0,6%га, июнь ойида – 1,2%га. Шундай қилиб, август ойида бозор икки ойлик пасайишдан кейин барқарорликни кўрсатди.
Бу турли омиллар, жумладан, ижарачилар фаолиятидаги мавсумий тебранишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, ўқув йилининг бошида уй-жой ижарасига талаб ошиши мумкин.
Тошкент шаҳрида туманига қараб уй-жой ижараси нархидаги фарқлар ҳам барқарорлигича қолмоқда. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархининг юқорилиги сақланиб қолмоқда, бу ерда ўртача ижара нархи ҳар квадрат метр учун тахминан 10 долларни ташкил этади.
Бектемир ва Сергели каби ҳудудларда нисбатан арзон нархлар бўлиб, бу ерда ижара ҳар квадрат метр учун ўртача 6 доллар туради.
Ўтган йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида ижарага бериладиган уй-жойларнинг ҳар квадрат метри ўртача 9 долларни ташкил этган ва йил давомида 7,3%га пасайган.
Йил давомида ижара нархининг сезиларли пасайиши Яккасарой туманида – 14,8%га, Яшнобод туманида – 13,3%га, Шайхонтоҳур туманида – 11,5%га ва Юнусобод туманида – 10%га кузатилди.
Тошкентда иккиламчи уй-жойларнинг нархи барқарор, Хоразмда эса анчагина ошган
Жорий йилнинг август ойида республикада иккиламчи уй-жой нархи 0,7%га ошган бўлса, ўтган йилнинг август ойидан бошлаб уй-жойнинг 1 кв. м учун ўртача нархи 9,7%га ошди.
Шу билан бирга, иккиламчи уй-жой нархи Хоразм – 21,4% га, Сурхондарё – 14,6%га, Бухоро – 13,4%га, Қашқадарё – 13,3%га вилоятларида сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Тошкент шаҳридаги иккиламчи уй-жой бозорида нархлар бироз пасайганидан сўнг, август ойида барқарорлик кузатилди: нархлар атиги 0,2%га ошди ва ҳар квадрат метр учун 1 128 долларни ташкил этди.
Пойтахтнинг аксарият туманларида иккиламчи уй-жойлар нархи ўзгаришсиз қолди, фақат Миробод ва Олмазор туманларида уй-жойлар мос равишда 1,7% ва 1,3% га қимматлашди.
Тошкентнинг яна учта туманида нархлар тушиб кетди. Хусусан, Шайхонтоҳур – 1,1%, Сергели – 0,9% ва Чилонзор туманларида – 0,6%.
Йил давомида Тошкентда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 4,2%га ошди.