Хитой Халқ Республикаси (ХХР) Раиси Си Цзинпин Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл лойиҳаси бўйича ҳукуматлараро битим имзолангани билан табриклади. Бу ҳақда Хитойнинг халқаро нашрлари ёзмоқда.
Қайд этилишича, ХХР раиси Си Цзинпин, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 6 июнь куни кечаси видеоконфренсалоқа орқали гаплашишган.
Суҳбат давомида улар “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси бўйича ҳукуматлараро битим имзолангани билан бир-бирини табриклади.
Си Цзинпиннинг таъкидлашича, темир йўл Хитой ва Марказий Осиёни боғловчи стратегик лойиҳа ва уч мамлакат ўртасидаги “Бир камар, бир йўл” ҳамкорлиги учун муҳим қурилиш ҳисобланади.
“Ҳукуматлараро битимнинг имзоланиши темир йўлнинг тасаввурдан воқеликка бурилишини кўрсатувчи лойиҳа қурилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.
Хитой Қирғизистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда қурилишни бошлаш ва уч мамлакат ва уларнинг халқлари учун манфаатли бўлган стратегик йўл қурилишини имкон қадар тезроқ якунлаш учун тайёр”,
деган Си Цзинпин.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров эса темир йўл Осиёни Европа ҳамда Форс кўрфази мамлакатлари билан боғлайдиган янги транспорт линияси бўлишини таъкидлаган. Шунингдек, у бу йўл бўйидаги давлатлар ва ҳатто бутун минтақа ўртасидаги боғлиқлик иқтисодий томонлама, айниқса, савдо алмашинувларини мустаҳкамлаш учун жуда муҳим эканлигини айтди.
Ўзбекистон Президенти Мирзиёев темир йўл Хитой ва Марказий Осиё давлатларини боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланишини айтган.
“Бу йўл Жанубий Осиё ва Яқин Шарқда йирик бозорларни очиб, минтақа давлатлари ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликка фойда келтиради”,
дея қўшимча қилган у.
Маълумот учун, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли Хитой шимоли-ғарбидаги Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг Қашқар шаҳридан бошланиб, Қирғизистон орқали Ўзбекистон ҳудудига киради. Келажакда у Ғарбий Осиё ва Жанубий Осиёга ҳам чўзилиши мумкин.