АҚШнинг биргина жанубий чегарасини 2023 йилнинг 1 октябридан бугунги кунга қадар 57 200 нафар ноқонуний мигрант кесиб ўтиб, Калифорния штатига боришга ҳаракат қилган. Уларнинг 2 900 нафари ўзбекистонликлардир.
Бу ҳақда АҚШ божхона ва чегара қўриқлаш хизматига таяниб, Fox News хабар қилди.
Телеканалнинг қайд этишича, қўлга олинганларнинг 27,500 нафари Хитой фуқаролари, 8900 нафари Ҳиндистондан, 7800 нафари Туркиядан, 4400 нафардан ошиғи Мавританиядан, 3000 нафарга яқини Веьтнамдан ва 5600 нафари Гвинеядан бўлган.
Бунда айрим муҳожирлар Fox News телеканалига АҚШда яхшироқ ҳаёт излаётганликларини айтишган.
“Менинг инглиз тилим унчалик яхши эмас ва мен Қўшма Штатларда ҳеч кимни танимайман. АҚШга келганимдан кейин ҳаммасини бошидан бошлашим кераклигини биламан. Лекин мен келажакда яхши ҳаёт кечиришни ва фарзандларим яхши таълим олишларини истайман. Мен АҚШда иложи борича тез илдиз отишига интиламан”,
деган муҳожирлардан бири.
Аммо АҚШ ҳукумати баъзи хитойлик муҳожирларнинг Хитой Коммунистик партияси (ХКП) томонидан потенциал жосуслик учун жўнатилганини аниқлашган.
Маълумот учун, 2021 йилнинг октябридан 2023 йилнинг октябригача АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 13 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабрь ойида АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 119 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилган эди.