Айни кунларда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтаётган XVII Марказий Осиё интернет форуми — InternetCA–2026да ижтимоий тармоқларда ёшни текшириш тизимлари фойдаланувчилар устидан кенг кузатув воситасига айланиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирилди.
Бу масала Ўзбекистон учун ҳам долзарб. Мамлакатда 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини қонун билан чеклаш ташаббуси илгари сурилган. Хўш, болаларни интернетда ҳимоя қилиш жараёнида шахсий ҳаёт дахлсизлиги қандай таъминланади?
Ёшни аниқлаш учун фойдаланувчининг ҳаёти ўрганиладими?
Access Now халқаро нодавлат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича сиёсат менежери Анастасия Жирмонт форумда ёш чекловларининг қандай амалга оширилишига эътибор қаратди.
Унинг айтишича, Қозоғистонда муҳокама қилинаётган ташаббусларда фойдаланувчининг ёшини аниқлаш учун биометрик идентификация билан бирга сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳам назарда тутилмоқда. Бунда инсон кўрадиган контент, обуналари ва аъзо бўлган гуруҳлари таҳлил қилиниши мумкин.
«Аввалига “қизиқ” дедим, тўғрими? Келинг, буни “хавотирли” деб ўзгартирай», — деди Жирмонт.
Маърузачининг баёнига кўра, Қозоғистонда 16 ёшга тўлмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш, мавжуд аккаунтларини ўчириш ёки блоклаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Арманистон, Молдова ва Қирғизистонда ҳам шунга ўхшаш ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.
Ёш чеклови билан бирга платформаларга талаблар ҳам кучаймоқда
Жирмонт Озарбайжон мисолида болалар учун чекловлар билан бирга ижтимоий тармоқ платформаларига қўшимча мажбуриятлар юкланаётганини таъкидлади.
Унинг маълумот беришича, мамлакатда 16 ёшга тўлмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш, 16–18 ёшдагиларга эса ота-она розилиги билан рухсат беришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси сўнгги ўқишда қабул қилинган.
Маърузачининг айтишича, ҳужжат платформалардан мамлакатда ваколатхона очиш ва давлат органлари билан кеча-кундуз алоқани таъминлашни ҳам талаб қилади. Талабларни бажармаган платформаларга жаримадан тортиб реклама тақиқи ва блоклашгача бўлган чоралар қўлланиши мумкин.
Ўзбекистонда нима таклиф қилинмоқда?
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова 2026 йил июнида 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш масаласи депутатлар ва сенаторлар билан муҳокама қилинганини маълум қилган. Вазир қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйиш режалаштирилаётганини айтган.
Каримованинг фикрича, болаларни телефондан бутунлай маҳрум қилишнинг имкони йўқ, аммо ундан меъёрда фойдаланиш маданиятини шакллантириш зарур. У мактаблардаги мавжуд қоидалар ҳамма жойда бир хил ишламаётганини қонунчилик орқали чеклов киритиш зарурати билан боғлаган.
Ноябрда эса ДХХ раиси Баҳодир Қурбонов «ШҲТ плюс» эксперт мулоқотида вояга етмаганларни зарарли ахборот ва онлайн радикаллашувдан ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш таклифини билдиргани хабар қилинди.
Бироқ материал тайёрланаётган пайтда чеклов кучга кирганини тасдиқловчи расмий ҳужжат ҳамда ёшни текшириш тартибини белгиловчи лойиҳа матни топилмади. Ўзбекистонда биометрик маълумотлар ёки сунъий интеллект орқали фойдаланувчилар фаолиятини таҳлил қилиш механизми танлангани ҳам тасдиқланган эмас.
Ҳимоя чораси қандай назоратга айланиши мумкин?
Жирмонтнинг таъкидлашича, минтақада интернетни ўчириш, оммавий ва муайян шахсларга қаратилган рақамли кузатув, жосуслик дастурлари, дезинформация ҳамда онлайн цензура асосий таҳдидлар бўлиб қолмоқда. Access Now’нинг фуқаролик жамияти вакилларига бепул, кеча-кундуз ёрдам берувчи рақамли қўллаб-қувватлаш хизматига тушаётган мурожаатлар ҳам бу муаммоларни кўрсатади.




