SEC ҳужжатларида 100 миллион долларлик кафолат ва миллионлаб долларлик тўловлар ошкор бўлди
Тошкентнинг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли йирик бизнес гуруҳи АҚШ қимматли қоғозлар бозорига чиқди. Энди унинг меҳмонхона ва туризм соҳасидаги бизнеси акциялари Америка бозорида савдо қилиниши мумкин. Бу эса компанияга хорижий сармоядорлардан маблағ жалб қилиш имконини беради.
Гап Тошкентдаги Hilton меҳмонхонаси, Бухородаги Wyndham меҳмонхонаси ва CAEx кўргазмалар марказини бошқарувчи Tourism and Entertainment Group (TEG) ҳақида кетмоқда.
Компания бу воқеани Ўзбекистон бизнеси учун катта ютуқ сифатида тақдим этмоқда. Бироқ АҚШда акциялари савдо қилинадиган компаниялар ўз молиявий фаолияти, қарзлари ва мулкдорлари ҳақида батафсил маълумотларни ошкор қилиши керак.
Айнан шу ҳужжатларда Ортиқхўжаев бизнесининг жамоатчиликка унчалик маълум бўлмаган молиявий муносабатлари ҳам очиқланди. Жумладан, компания ўз таркибига кирмайдиган, аммо ўша мулкдор назоратидаги бошқа корхонанинг 100 миллион долларлик кредитига кафил бўлган. Шунингдек, ҳисоботларда мулкдорга йўналтирилган 17,5 миллион доллардан ортиқ маблағ ва ўзаро боғлиқ компаниялар ўртасидаги қарийб 36 миллион долларлик операциялар кўрсатилган.
Хўш, Ортиқхўжаев бизнесининг Америка бозорига чиқиши ортида қандай молиявий муносабатлар бор? Компания кимнинг қарзи учун жавобгарликни зиммасига олган ва миллионлаб долларлар қандай тақсимланган?
Uzdiplomat.uz АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига тақдим этилган расмий ҳужжатларни ўрганди.
Америка компанияси қандай сотиб олинган?
SEC ҳужжатларига кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2026 йил 5 июнда StageWise Strategies Corp. компаниясининг 3 миллион дона акциясини 750 минг долларга сотиб олган. Бу ўша пайтдаги акцияларнинг тахминан 74,2 фоизига тенг эди.
Шундан кейин компания раҳбарияти алмаштирилиб, унга TEG билан боғлиқ шахслар жалб этилган.
Яъни Ўзбекистондаги бизнес АҚШда нолдан янги компания ташкил этиб, акцияларини оммавий жойлаштириш йўлидан эмас, балки аввалдан мавжуд Америка компанияси билан акциялар алмашинуви орқали бирлашиш йўлидан борган.
Корпоратив бирлашув натижасида TEG бизнеси Америкада рўйхатдан ўтган компаниянинг асосий фаолиятига айланган.
SEC маълумотларига кўра, бирлашувдан кейин Tourism and Entertainment Group LLC компанияси улуши тахминан 68,3 фоизни, Иродахон Абдувахитованинг улуши эса 31,14 фоизни ташкил этиши белгиланган.
Ҳужжатларда Жаҳонгир Ортиқхўжаев TEG’нинг якуний бенефициар мулкдори, яъни компания устидан пировард назоратга эга шахс сифатида кўрсатилган.
100 миллион долларлик кредит учун ким кафолат берган?
Америка регуляторига тақдим этилган молиявий маълумотлардаги энг эътиборли жиҳатлардан бири — TEG гуруҳи ўз таркибига кирмайдиган, аммо умумий мулкдор назоратидаги бошқа компаниянинг йирик кредит мажбуриятига кафил бўлгани.
2025 йил март ойида TEG билан боғлиқ тузилма Қозоғистоннинг Halyk Bank банки билан тузилган 100 миллион долларлик кредит шартномаси бўйича кафолат берган.
Ҳужжатда қарз олувчи компания TEG таркибига кирмаслиги, бироқ ҳар икки бизнес бир якуний бенефициар мулкдор назоратида экани қайд этилган.
Кафолат шартларига кўра, қарз олувчи ўз мажбуриятини бажармаса, банк қарзни кафиллардан ҳам талаб қилиши мумкин. Бунда TEG’нинг эҳтимолий жавобгарлиги 100 миллион доллардан ташқари фоизлар, йиғимлар ва жарималарни ҳам қамраб олиши мумкин.
Кафолат 2031 йил 31 декабргача амал қилади.
Яна бир муҳим тафсилот.
SEC ҳужжатида TEG ушбу кафолатни бергани учун ҳақ олмагани ва кафолат бўйича тўлов қилишга мажбур бўлса, қарз олувчидан маблағни қайтариб олиш ҳуқуқи назарда тутилмагани кўрсатилган.
Бу 100 миллион долларлик қарз бевосита TEG томонидан олинганини ёки ҳозир уни тўлаш мажбурияти юзага келганини англатмайди. Гап бошқа компаниянинг қарзи бўйича эҳтимолий молиявий жавобгарлик ҳақида кетмоқда.
Шунга қарамай, компаниянинг ўзи бу хавфни жиддий деб баҳолаган. Чунки кафолат бўйича максимал мажбурият TEG’нинг ўз капитали миқдоридан ҳам юқори.
Бундай вазиятда асосий савол туғилади. Нима учун бир бизнес ўз таркибига кирмайдиган, аммо ўша мулкдор назоратидаги бошқа компаниянинг 100 миллион долларлик қарзи учун ҳақ олмасдан кафил бўлган?
Мулкдорга йўналтирилган 17,5 миллион доллар
SEC ҳужжатларида компания мулкдорига тақсимланган маблағлар ҳам кўрсатилган.
2025 йилда бундай тўловлар 10 миллион 728 минг долларни ташкил этган. 2026 йилнинг дастлабки олти ойида эса яна 6 миллион 854 минг доллар мулкдорга тақсимланган.
Икки даврдаги умумий сумма 17 миллион 582 минг долларга етади.
Компания ҳисоботига кўра, бу маблағларнинг бир қисми якуний бенефициар мулкдор номидан қопланган харажатлар бўлиб, молиявий ҳисоботда мулкдорга тақсимланган маблағлар сифатида акс эттирилган.
Бу тўловларнинг барчасини дивиденд ёки шахсий эҳтиёжларга сарфланган пул деб талқин қилиш тўғри бўлмайди. Бироқ уларнинг иқтисодий мазмуни, қандай харажатларни қоплагани ва мулкдор манфаатлари билан боғлиқлиги алоҳида эътиборга лойиқ.
Компания 2026 йил апрелида ўзаро боғлиқ тарафлар билан битимлар ва дивиденд сиёсатига оид янги ички қоидаларни тасдиқлаганини ҳам маълум қилган.
36 миллион долларлик ички операциялар
TEG’нинг 2025 йилда ўзаро боғлиқ компаниялар билан амалга оширган операциялари қарийб 35,96 миллион долларни ташкил этган. 2024 йилда бу кўрсаткич 22,85 миллион доллар атрофида бўлган.
Бир йил ичида мазкур операциялар ҳажми сезиларли ошган.
Бу ерда гап умумий мулкдор, назорат ёки бошқарув муносабатлари орқали ўзаро боғланган компаниялар ўртасидаги савдо, хизмат кўрсатиш, молиялаштириш ва бошқа битимлар ҳақида кетмоқда.
TEG раҳбарияти бундай операциялар одатдаги хўжалик фаолияти доирасида амалга оширилгани ҳамда уларнинг шартлари мустақил компаниялар ўртасидаги битимларга қиёсланадиган даражада адолатли эканини билдирган.
Ўзаро боғлиқ корхоналар ўртасида молиявий операциялар ўтказилиши ўз-ўзидан қонунбузарлик эмас. Бироқ улар катта ҳажмга етганда, компания даромадлари қайси субъектларда шаклланаётгани ва маблағлар қаерга йўналтирилаётгани муҳим аҳамият касб этади.
Даромад ўсган, аммо Hilton’га талаб пасайган
TEG’нинг молиявий натижалари компаниянинг ўсиб бораётганини кўрсатади.
2025 йилда гуруҳнинг умумий тушуми 42,9 миллион долларни, соф фойдаси эса 14,4 миллион долларни ташкил этган. Компания маълумотларига кўра, тушум 2024 йилга нисбатан 22 фоизга, соф фойда эса 215 фоизга ошган.
Бироқ компаниянинг 2026 йил биринчи ярим йиллик ҳисоботида бошқача манзара ҳам кўринади.
Жумладан, Hilton Tashkent City меҳмонхонасида хоналарнинг бандлик даражаси 2025 йилнинг дастлабки олти ойидаги 63 фоиздан 2026 йилнинг шу даврида 58 фоизга тушган.
Сотилган хоналар сони ҳам 29 409 тадан 27 193 тага қисқарган.
Компания бу ҳолатни Тошкентда янги юқори тоифали меҳмонхоналар пайдо бўлиши, рақобатчиларнинг нарх сиёсати ҳамда айрим корпоратив лойиҳалар бекор қилиниши ёки кейинга қолдирилиши билан изоҳлаган.
Шу тариқа, Ўзбекистонда туристлар сони ортиб бораётган бир пайтда пойтахтдаги йирик меҳмонхоналардан бири рақобат кучайиши оқибатларини ҳис қилмоқда.
Бу эса туризм бозорига янги инвестициялар киритилиши билан бирга, мавжуд меҳмонхоналарнинг даромадлилиги ва бандлиги масаласи ҳам муҳим бўлиб бораётганини кўрсатади.
18 миллион долларлик молиялаштириш шарти нима бўлган?
Бирлашув битимидаги яна бир эътиборли жиҳат — унда камида 18 миллион долларлик қўшимча молиялаштириш шарти назарда тутилгани.
SEC’га 8 октябрда тақдим этилган ҳужжатда битим якунланиши учун StageWise камида 18 миллион долларлик маблағ жалб қилиши белгиланган. Бироқ томонлар қонун доирасида айрим шартлардан ўзаро келишув асосида воз кечиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.
13 октябрда битим якунлангани ҳақида хабар берилган. Шундай бўлса-да, битимнинг ёпилиши автоматик равишда компания ҳисобига 18 миллион доллар инвестиция келиб тушганини англатмайди.
Аксинча, битимнинг якуний шартларида молиялаштириш мажбурияти қандай ҳал этилгани, компанияга амалда қанча янги капитал киргани ва кейинги инвестициялар қайси манбалар ҳисобидан жалб қилиниши алоҳида аниқлаштирилиши керак.
Ўзбекистон бизнеси учун янги имкониятми?
TEG’нинг Америка қимматли қоғозлар бозорига чиқиши Ўзбекистоннинг йирик хусусий бизнес гуруҳлари учун халқаро капитал бозорларидан фойдаланиш имконияти кенгаяётганини кўрсатади.
Компания келгусида АҚШ капитал бозори орқали инвестициялар жалб этиш, янги меҳмонхоналар ва туризм объектларини сотиб олиш, ўз фаолиятини кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Бироқ акциялари АҚШ бозорида савдо қилинадиган компания учун халқаро инвесторлар олдида молиявий ҳисобдорлик ва шаффофлик талаблари ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бу, айниқса, Ўзбекистонда давлат лавозимида ишлаган ва айни пайтда йирик хусусий бизнесга эгалик қиладиган шахслар фаолиятини баҳолашда муҳим.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018–2023 йилларда Тошкент шаҳар ҳокими бўлган. Унинг бизнеси пойтахтдаги йирик қурилиш, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари билан боғлиқ.
Эндиликда ушбу бизнеснинг бир қисми АҚШда очиқ ҳисобот тақдим этадиган корпоратив тузилма орқали фаолият юритмоқда. Бу эса аввал Ўзбекистон жамоатчилигига кенг маълум бўлмаган айрим молиявий муносабатларни ҳам ўрганиш имконини бермоқда.
Энг муҳим масала — 100 миллион долларлик кафолат кимнинг манфаати учун берилгани, мулкдорга йўналтирилган маблағлар қандай шакллангани ва компаниялар ўртасидаги йирик операциялар қандай иқтисодий асосга эга экани.
Албатта, SEC ҳужжатларида мазкур операцияларнинг очиқлангани уларда қонунбузарлик мавжудлигини англатмайди. Компания бу муносабатларни ўзининг одатдаги бизнес фаолияти доирасидаги операциялар сифатида изоҳлаган.
Аммо халқаро бозорга чиқиш фақат янги инвестициялар учун эшик очмайди. У бизнеснинг кимга тегишли экани, маблағлар қандай бошқарилиши ва молиявий хатарлар кимнинг зиммасига тушиши ҳақидаги саволларни ҳам очиқлайди. Хорижга чиқаётган ўзбекистонликларнинг бизнеслари аҳоли учун шаффофлашмоқда.




