Россиянинг иштироки ҳам кенгаяди
Жиззах вилоятининг Фориш туманида қурилаётган Ўзбекистондаги биринчи атом электр станцияси лойиҳаси янги босқичга ўтмоқда. Энди Ўзбекистон ва Россия мутахассисларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ АЭС лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш жараёнини мувофиқлаштиради.
“Ўзатом” агентлиги ва АЭС қурилиши дирекцияси делегацияси 22–23 июль кунлари Москвада “Росатом” ва атом саноати қурилиш комплекси вакиллари билан қатор музокаралар ўтказди.
Бир қарашда бу навбатдаги ишчи ташрифдек кўринади. Аммо музокаралар мавзуси Жиззахдаги АЭС қурилиши қайси босқичга келганини ҳам кўрсатиб турибди.
2 110 МВтлик станция
Жиззахда қурилаётган объект дастлабки режадан анча ўзгарган.
2024 йилда Россия билан имзоланган дастлабки лойиҳа ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита RITM-200N кичик модулли реактор қурилишини назарда тутган эди.
Кейинчалик концепция ўзгартирилди. 2025 йил сентябрида томонлар лойиҳани иккита йирик VVER-1000 ва иккита 55 МВтлик RITM-200N реакторидан иборат интеграциялашган АЭСга айлантириш бўйича келишувга эришди. Натижада станциянинг умумий қуввати 2 110 МВтга етди.
Яъни гап энди фақат кичик атом станцияси ҳақида эмас. Бир майдоннинг ўзида йирик ва кичик атом энергоблоклари қурилиши режалаштирилган.
2026 йил июнида биринчи кичик энергоблок пойдеворига бетон қуйилиши билан қурилишга расман старт берилди.
Халқаро атом энергияси агентлиги — МАГАТЭнинг июнь ойидаги миссияси ҳам Ўзбекистон атом энергетикаси инфратузилмасини яратишда сезиларли силжишга эришганини қайд этган. Москвадаги сўнгги музокараларнинг аҳамияти ҳам шунда.
“Ўзатом” делегацияси “Росатом” давлат корпорациясининг капитал қурилиш бўйича директори Дмитрий Волков ва Тармоқ капитал қурилиш маркази вакиллари билан Жиззахдаги интеграциялашган АЭС учун тайёрланаётган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш жараёнини муҳокама қилди.
Экспертиза тартиби, икки томон ўртасидаги ҳамкорлик механизми ва ўзбекистонлик мутахассислар малакасини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Натижада Ўзбекистон ва Россия мутахассисларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга келишилди.
Демак, Москвадаги музокаралар асосан қурилишнинг техник ва ҳужжатлаштириш жараёнларини мувофиқлаштиришга қаратилган.
Россия компаниялари учун янги имконият
Яна бир эътиборли жиҳат — “Росатом”нинг ўзидан ташқари Россия атом саноати қурилиш комплексига кирувчи бошқа компанияларнинг ҳам Ўзбекистондаги атом энергетикаси лойиҳаларида иштирокини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинган.
“Ўзатом” хабарида айнан қайси компаниялар жалб қилиниши, уларга қандай ишлар берилиши ва шартномалар қиймати очиқланмаган.
Шу боис, лойиҳада маҳаллий компанияларнинг улуши қанча бўлиши ва Россия компанияларига қурилиш ҳамда ускуналар етказиб беришнинг қайси қисми берилиши очиқ савол бўлиб қолмоқда.
Сув масаласи учун Венгрия технологияси
АЭСнинг яна бир муҳим қисмида эса Венгрия иштирок этмоқда.
Москвада Венгриянинг MVM EGI Zrt. компанияси вакили билан қуруқ градирняларни барпо этиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар келишиб олинган.
Бу Ўзбекистон учун айниқса муҳим. Чунки қуруқ совитиш технологияси анъанавий сувли совитиш тизимларига нисбатан сувга бўлган эҳтиёжни камайтириш имконини беради.
MVM EGI ҳам ўз технологиясини сув танқис ҳудудларда атом энергетикаси учун мос ечим сифатида тақдим этмоқда.
Ўзбекистон ва Венгрия бу масалани анча вақтдан бери муҳокама қилиб келмоқда. Томонлар қуруқ совитиш ускуналарини етказиб беришдан ташқари, уларни Ўзбекистонда йирик узелли йиғиш учун қўшма корхона ташкил этиш масаласини ҳам кўриб чиққан.
2025 йил охирида эса Венгрия Эксимбанки орқали лойиҳани молиялаштириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинган.
Биринчи реактор қачон ишга тушади?
Ҳозирги режаларга кўра, биринчи RITM-200N кичик реакторини 2029 йил охирида ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Йирик VVER-1000 энергоблокларини эса 2033 ва 2035 йилларда ишга тушириш режалаштирилгани ҳақида маълумотлар мавжуд.




