Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммитида сўзлаган нутқида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг Евроосиё маконидаги иқтисодий йўналишини аниқ ва эҳтиёткор иборалар орқали ифодалади. Нутқдаги асосий урғу — ҳамкорликни чуқурлаштириш, прагматизм ва институционал яқинлашувга қаратилди.
Мирзиёев глобал иқтисодий шароитга тўхталиб, «глобал бозорларнинг тобора парчаланиб бораётгани, логистика занжирларининг мураккаблашаётгани ва инвестиция ресурсларини тақсимлашда устувор йўналишлар ўзгараётгани»ни таъкидлади. Ана шу вазиятда, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон учун Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорлик «стратегик ва табиий» аҳамият касб этмоқда.
Президент кузатувчи давлат мақомидаги ҳамкорлик натижаларини келтирди: сўнгги тўрт йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси «қарийб икки баробар ошган». Унинг таъкидлашича, савдо алоқалари таркибида «юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши ортиб бормоқда», кооперация лойиҳалари эса кенгаймоқда. Бу ҳолатни Мирзиёев шерикларнинг «ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлашдан чинакам манфаатдорлиги» билан изоҳлади.
Нутқда Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликка алоҳида ўрин берилди. Президент савдо, саноат, молия, аграр соҳа ва транспорт йўналишларини қамраб олган, 40 га яқин тадбирдан иборат уч йиллик режа амалга оширилаётганини айтди. Шунингдек, Қўшма ишчи гуруҳ форматидаги ишлар давом этаётгани ва унинг навбатдаги йиғилиши Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Мирзиёев рақамлаштириш масаласига ҳам эътибор қаратди. У электрон савдони ривожлантириш, юк ташишни рақамлаштириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича ЕОИИнинг тармоқ дастурларида Ўзбекистон иштирок этаётганини таъкидлади. Божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида ахборот алмашиш бўйича битим юзасидан музокараларни бошлаш ҳақидаги қарор ҳам ижобий баҳоланди.
Президентнинг сўзларига кўра, бундай трансчегаравий маълумотлар алмашинуви «божхона назорати самарадорлигини ошириш, кечикишларни камайтириш ва транспорт тизимларини Евроосиё йўлакларига интеграциялаш»га хизмат қилади.
Алоҳида урғу Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилишига қаратилди. Мирзиёев бу қадамни ҳамкорликни мустаҳкамлашда «муҳим босқич» деб атади. У банк билан биргаликда инфратузилма, энергетика, металлургия, кимё ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилганини билдирди.
Нутқнинг якуний қисмида Президент ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бешта устувор йўналишни санаб ўтди. Улар орасида савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорлик, технологик платформаларга қўшилиш ва туризм бўйича интеграциялашган ахборот ресурсини шакллантириш бор.
Президент нутқида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига расман қўшилиши ҳақида тўғридан-тўғри баёнот қилинмади. Бироқ иқтисод, логистика, молия ва рақамлаштириш соҳаларида айтилган барча таклиф ва режалар Иттифоқ билан амалий яқинлашув тобора чуқурлашаётганини кўрсатади.




