Азиз Абдуҳакимов Euronewsʼда Ўзбекистон туризми рекламаси учун яна маблағ ажратди
Европадан келувчи сайёҳлар сони йилига 400 мингга ҳам етмайди, лекин тарғиботга миллиардлар сарфланади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев “Euronews” телеканали директорлар кенгаши раиси Педро Варгас Девид билан учрашган. Бу ҳақида Туризм Қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда “Euronews” платформаси орқали янги лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистонни жаҳон миқёсида самарали тарғиб қилиш муҳокама қилинган. Маълум бўлишича, жорий йилда “Euronews” телеканали Ўзбекистон ҳақида кенг кўламли ахборот кампаниясини амалга ошириб келмоқда. Жумладан, 280 марталик трансляциядан иборат 5 та кўрсатув, 630 марталик трансляциядан иборат реклама роликлари намойиш этилган. “Euronews” сайти ва ижтимоий тармоқларда мақолалар чоп этилган. Мазкур тарғибот учун қанча маблағ ажратилгани ҳақида ахборот берилмаган.
Ўзбекистон «Euronews» нинг жуда яхши ҳамкорларидан бири. Унинг раҳбарлари Президент Матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов томонидан қабул қилинганидан ҳам бу ҳамкорлик даражасини билиш мумкин. «Euronews» медиа холдинги директорлар кенгаши раиси Педро Варгас Давид билан учрашув ҳақидаги хабарни бўлишаркан Асадов «Жаҳон аудиториясини Ўзбекистондаги асосий ислоҳотлар ва унинг халқаро ташаббуслари, юртимизда ўтказилаётган йирик тадбирлар ҳақида хабардор қилиш, ОАВ ва матбуот хизматлари ходимларининг малакасини ошириш масалаларининг кенг доирасини муҳокама қилган»ини таъкидлайди.

Учрашувда ҳамкорликни янада ривожлантириш режалари белгилаб олинган.
Деярли ҳар йили Ўзбекистоннинг турли ташкилотлари миллиардлаб маблағ сарфлаб унинг каналлари ва сайтларида реклама жойлаштиради. Лекин бу маълумотларда харажатлар одатда очиқланмайди.
Биргина мисол, 2021 йилда xarid.uz порталига қўйилган қарорда “Euronews” билан ҳамкорлик Ўзбекистонга салкам 1 ярим миллиард сўмга тушганини кўриш мумкин. Ўшанда буюртмачи Ташқи ишлар вазирлиги «Euronews» ва CNN да битта тадбирни ёритиш учун салкам 3 миллиард сўм ажратган. Бу 2021 йил 15-16-июль кунлари ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги Тошкент конференциясини ёритиш учун йўналтирилган. Euronews Реклама хизматлари пакетига ўша вақтдаги курс бўйича 1 миллиард 371 миллион сўм (110 минг доллар) сарфланган. Бунда тадбир ҳақидаги 4 дақиқалик репортаж буюртма қилинган бўлиб, телевидение учун 9 та тилда бир ҳафта мобайнида 15 маротаба кўрсатилган. Шу билан бирга, репортаж олдидан 15 та промо-лавҳалар ҳам намойиш этилиши назарда тутилган.

Телеканал Ўзбекистон томони учун реклама кампанияси (масалан, мамлакат сайёҳлик салоҳияти ҳақида) учун 3 ҳафта давомида кўрсатиладиган 30 сония эфир вақтини ҳам ажратиш, телеканал сайтида тадбир ва унинг ташкилотчилари ҳақида 12 та тилдаги 1 та мақола (native article) чоп этиш мажбуриятини олган.
Бир тадбирга шунча маблағ кетганидан кўриш мумкинки, Euronews билан ҳамкорлик арзонга тушмайди. Лекин, самарадорлик қиймати қанча деган савол туғилиши табиий.
Ҳар йили Ўзбекистонга хорижлик сайёҳлар ташрифи сон жиҳатдан ортгани ҳақида статистика берилади, лекин улар асосан қариндошларини кўришга келади
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь–сентябрь ойларида жами 5,7 млн нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган. Ушбу кўрсаткич сафар мақсадлари кесимида қаралганда саёҳатчиларнинг 80 % дан кўпроғи, яъни 4,5 миллиони
қариндошларни йўқлаш мақсадида келади.
Хориждаги тарғиботи учун миллиардлар сарфланадиган туризм бўйича келганлар сони бир миллионга ҳам етмаган бўлиб, бу вақтда 869,3 минг нафар сайёҳ Ўзбекистонни кўриб, дам олишга келди.
Туристларнинг асосий оқими (79 фоизи) қўшни мамлакатлар – Тожикистон (1,6 млн нафар), Қирғизистон (1,6 млн нафар) ва Қозоғистон (1,1 млн нафар) ҳиссасига тўғри келади.
Туризм қўмитасининг яқинда эълон қилган ҳисоботидан кўриш мумкинки Европа мамлакатлари сайёҳлари сони ҳатто Ўзбекистонга келувчилар орасида топ 10 таликка ҳам кирмайди.
Топ-10 таликка Россия (686,7 минг), Туркманистон (145 минг), Туркия (95,7 минг), Хитой (57,7 минг), Ҳиндистон (55,9 минг), Жанубий Корея (36,5 минг) киритилган.
Италия (36,3 минг) ва бошқа давлатлар (366,6 минг) фуқаролари сони 400 мингга ҳам бормаган.




