Кейинги вақтларда Марказий Осиёда кетма-кет паст балли зилзилалар кузатилмоқда. Бундай кичик магнитудали силкинишлар келажакда каттароқ зилзилаларни келтириб чиқармайдими?
Uzdiplomat.uz бунга ойдинлик киритиш мақсадида Сейсмология институтидан жавоб олди. Сейсмология институти лаборатория мудири Улфат Нурматовнинг маълум қилишича, бундай зилзилалар минтақада доим бўлиб келган ва бундан кейин ҳам бўлаверади.
![](https://uzdiplomat.uz/wp-content/uploads/2024/05/photo-5323436321160686455-y.jpg)
«Марказий Осиёда ҳафтасига 5-6 тадан 10 ёки 12 тагача 4 баллдан юқори магнитудали зилзилалар бўлиб туради. Ўзбекистон атрофи ҳудудларида бир ҳафтада ўртача магнитудаси 1,5-2 дан бошлаб, 4-4,5 балгача бўлган зилзилаларнинг сони 50-60 тадан 100 гача етади. Бу бир ҳафта давомида содир бўлаётган зилзилалар сони, холос», – деди у.
Нурматовнинг маълум қилишича, кучли зилзилаларнинг такрорланиш вақтлари ўз кучига қараб турлича бўлади. – «Маълум ҳудуддаги зилзилалар такрорланиш вақтлари кучига қараб ҳар хил бўлади. Айрим жойларда 15-20 йилда битта 5 дан катта магнитудали зилзилаларни кузатиш мумкин.Шунингдек, 6-7 баллдан катта зилзила содир бўладиган зоналар бор. Ўзбекистонда охирги кучли зилзила содир бўлганидан кейин орадан 120, 130 йил ўтган. Тахмин қилинадики, мана шу зилзила яна қайтарилиши мумкин. Тошкентда 4-5 та шунақа зилзила қайд этилган. 1868 йилда магнитудаси 6,4 га тенг бўлган зилзила содир бўлган. 1924 йилда 5 га яқин 4,8 ёки 4,9 атрофидаги магнитудали зилзилалар содир бўлган. Мана 1966 йилда охиргиси содир бўлди. 2008 йилда содир бўлган зилзила эса айнан Тошкент ўчоғида бўлган. Уларнинг такрорланиш эҳтимоли юқори», – деб айтди мутахассис.
Бунга мисол тариқасида у ўтган йили Тожикистон ҳудудида бўлган кучли зилзилани келтириб ўтди. «Сарездан кейин ўша ҳудудда 3-3,5 гача бўлган зилзилалар йўқ бўлиб кетган эди. Охир-оқибатда кучлиси содир бўлди. Фаол ҳудудда зилзиланинг бўлмай қолиш ҳодисаси аксинча хавотирлироқ. Чунки у ерда кучланишга имкон йиғилган бўлади», – деди мутахассис. Унинг таҳлилларига кўра, охирги вақтларда Қозоғистонда бўлаётган зилзилалар ҳам ўша ўчоқнинг давомларидир.
«Аммо бу қачон бўлади бир, икки, ёки беш йилдан кейинми, аниқлаб бериш имконияти фанда қийинроқ. Ўзбекистоннинг Тошкент, Фарғона ва Андижон вилоятлари сейсмик жиҳатдан энг фаол нуқталар ҳисобланади»,- деди у.
Нурматовнинг фикрича, авваллари сейсмик станцияларнинг сони кам бўлгани учун зилзилалар кам аниқланган. Аммо бугунги кунда Ўзбекистонда 50 тадан ошиқ сейсмопрогностик марказлар фаолият юритиб келгани боис зилзилаларни аниқлаш имкони кўпайган.
«Яқин келажакда бундай марказлар сони 100- 200 тага етказилади. Булар бўлганидан кейин ҳар бир зилзилани қайд қилиш имконига эга бўламиз. Аслида ўзи майда зилзилаларнинг содир бўлиб тургани яхши. Агар бўлмай қолса, яъни ҳудудда бир неча йил сейсмик сокинлик кузатилса, ўша ерда кучли зилзила содир бўлиш эҳтимоли ошиб боради»,- деди Улфат Нурматов.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида 1966 йил 26 апрель куни магнитудаси 5,2 га, интенсивлиги эса 8 баллга тенг зилзила юз берган, натижада 2 миллион квадрат метрдан ортиқ турар-жой, 8 киши ҳалок бўлган, 150 га яқин киши жароҳатланган, 300 минг киши бошпанасиз қолган.
Кузатувларга кўра, 1971 йили Товоқсойда, 1980 йили Назарбекда, 1987 йили Олтинтепада, шунингдек, 2008 ва 2010 йилларда бевосита Тошкент шаҳрининг ўзида интенсивлиги 1966 йилги зилзила билан тенг бўлган ерости силкинишлари қайд этилган.