Жаҳон банки 25 ноябрь куни Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион долларлик молиялаштириш пакетини тасдиқлади. Маблағлар хусусий бизнесни кенгайтириш, иш ўринлари яратиш, ижтимоий ҳимоя ва энергетикадаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг сўнгги маълумотига кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг Жаҳон банки олдидаги давлат қарзи 9 миллиард 176 миллион доллар бўлган. Бу давлат ташқи қарзининг 22 фоизи демакдир. Жаҳон банки ушбу жадвалда Ўзбекистоннинг энг йирик кредитори бўлиб турибди.
Янги пакет доирасида қуйидаги йўналишлар қўллаб-қувватланади:
— Аёллар ва ижтимоий ҳимоя: ҳомиладорлик, туғиш ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини қамраб олувчи ижтимоий суғуртани кенгайтириш;
— Хусусий бизнес: давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва рақобат учун тенг шароит яратиш;
— Энергетика: электр ва газ бозорларини тартибга солишни такомиллаштириш. 2028 йилгача электр истеъмолчиларининг 15 фоизига хусусий операторлар бошқарадиган тақсимлаш тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш мақсад қилинган;
— Фермерлар ҳимояси: 2028 йилгача фермерлар ва чорвадорларнинг 35 фоизини қишлоқ хўжалиги суғуртаси билан қамраб олиш;
— Интернет ва савдо: кенг полосали интернетдан фойдаланувчилар сонини 500 мингга ошириш, ташқи савдо ва чегара тартибларини соддалаштириш;
— Энергия тежамкорлиги: бинолар стандартларини яхшилаш ва корхоналарда тоза технологияларга сармояни рағбатлантириш.
Банк ҳисоб-китобига кўра, ислоҳотлар 2029–2031 йилларда 275 мингта қўшимча ва сифатлироқ иш ўрнига тенг бандлик яратишга кўмаклашиши кутилмоқда.
Умумий давлат қарзи эса 48 миллиард 863 миллион долларга етган. Вазирликнинг 1 октябрь ҳолатидаги ҳисоботига кўра, шундан 41,759 миллиард доллари ташқи, 7,104 миллиард доллари ички қарздир.
Мамлакатнинг давлат ва корпоратив қарзларини бирга қамраб олувчи умумий ташқи қарзи бошқа кўрсаткич. Марказий банк маълумотига кўра, у 1 июль ҳолатига 84,1 миллиард доллар бўлган. Унинг 42,4 миллиард доллари давлат кафолатисиз жалб қилинган корпоратив қарзлар ҳиссасига тўғри келган.
Янги 800 миллион долларлик пакет бўйича банкнинг 25 ноябрдаги баёнотида фоиз ставкалари ва қайтариш муддатлари келтирилмаган.




